Учрашув аввалида «Ўзчармсаноат» уюшмаси фаолияти, унга аъзо корхоналар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари, инвестиция ва экспорт салоҳияти тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароит ва имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунтириш берилди.

Маълумот ўрнида: Япониянинг «Marubeni» корпорацияси 1958 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда корпорациянинг 68 та мамлакатда 136 та офиси мавжуд. Шунингдек, 58 та филиал ва ваколатхоналари фаолият олиб боради. Корпорациянинг асосий фаолияти инфраструктура, саноат, ўрмон хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва энергетика каби тармоқларга қаратилган.

«Marubeni»нинг Германиядаги офиси эса айнан чарм-пойабзал маҳсулотлари учун керакли хом ашё базасини етказиб бериш ва тайёр чарм ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Корпорациянинг МДҲ давлатларида 4 та компанияси ва 8 та офиси мавжуд. 1994 йилда Тошкентда компаниянинг офиси очилган. У Ўзбекистонда нефть-кимё, қурилиш, текстиль, тоғ-кон саноати учун ускуналар етказиб бериш билан шуғулланади. Шунингдек, лабораториялар ва ўқув марказлари учун жиҳозлар етказиб беради.
Айни вақтда корпорациянинг хитойлик ҳамкорлари тайёр чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Хитойга хом ашё етказиб бериш билан эса корпорациянинг Германиядаги офиси шуғулланади. Айнан ташкилотнинг Гамбургдаги офиси Ўзбекистон тарафидан экспорт қилинадиган ярим тайёр чарм («wet blue») маҳсулотларини харид қилишга қизиқиш билдиряпти.
Учрашувда ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари мамлакатимиздан йирик шохли мол терисидан «wet blue» кўринишидаги чарм Германия ва Хитойга экспорт қилиниши мақсадида «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо чарм ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини билдирди. Шунингдек, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш доирасида инновацион дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш ва ривожлантиришда иштирок этиш юзасидан таклифлар ҳам билдирилди.

Учрашувда Уюшма томонидан чарм-пойабзал саноати фаолиятига тааллуқли бўлган технопаркларни, шу жумладан, ўқув-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш борасида ҳамкорликлар бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар мулоқотларнинг навбатдаги раундида Германиядаги мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилган ҳолда бу борадаги ҳамкорликнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.