Эслатиб ўтамиз, Masdar томонидан Ўзбекистонда биринчи 100 МВт қуёш электр станциясини қуриш бўйича лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилиб, у 2021 йил август ойида Навоий вилоятида тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Учрашув чоғида томонлар ўзаро ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб масалаларни, жумладан, Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Муҳаммад ал-Рамаҳининг маълум қилишича, Masdar 2022 йил август ойида Навоий вилоятида 500 МВт қувватли шамол электр станцияси, декабрь ойида эса Сурхондарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 897 МВт тенг бўлган қуёш электр станциялари қурилишини бошлашни режалаштирган, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонга қуёш ва шамол қувватидан олинадиган электр энергияси миқдорини 8 ГВтгача етказиш ва 2026 йилга келиб мамлакатнинг умумий энергия балансида муқобил энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш мақсадларига эришишга ёрдам беради, бу эса Ўзбекистоннинг газ ва кўмирга бўлган энергия қарамлигини камайтиради.