Бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига турли МЧЖларга автомобиль олиш учун пул тўлаб, машинасини ҳам, тўлаган пулини ҳам ололмаётган истеъмолчиларнинг мурожаати кўпайган.
Жумладан, Хоразм вилояти Боғот тумани Кулон-қорабоғ қишлоғида яшовчи Насиба Нарметованинг мурожаатида қайд қилишича, 2021 йил 30 август куни “ORIENT AVTO-LIZING” МЧЖ билан шартнома тузиб, бошланғич тўлов сифатида 50 532 889 сўм тўлаган.
Шартномада фуқарога "Ласетти" автомашинасини 120 иш кунида етказиш қайд этилган. Аммо фуқаро ҳудудий истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилгунига қадар машина етказиб берилмаган. Фуқаронинг мурожаати юзасидан жамият ходимлари ўрганиш ўтказиб, натижада Н.Нарметовага бошланғич тўлов учун тўлаган 50 532 889 сўми қайтарилишига эришилди.
Яна бир шундай ҳолат Хоразм вилояти Хива тумани “Олтин водий” кўчасида яшовчи Э.Воисова билан ҳам содир бўлди. Истеъмолчи Чилонзор туманида жойлашган “UZ AUTO PREMIUM” МЧЖга "Дамас" машинасини сотиб олиш учун бошланғич тўлов сифатида 35 392 000 сўм тўлаган.
Шартномада келтирилган муддат ўтиб кетса-да, истеъмолчига автомашинаси топширилмаган. Фуқаронинг федерацияга мурожаати Чилонзор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди. Чиндан истеъмолчи ёлғон қурбони бўлиб келаётгани аниқланди. Унга автомобиль учун тўлаган пули тўлиқ қайтариб берилди.
Элдор Бешимов ҳам шу масъулияти чекланган жамият билан "Кобальт" машинаси сотиб олиш учун бошланғич тўлов сифатида 62 907 000 сўм тўлаган. У ҳам анчадан буён машинани ҳам, тўлаган пулини ҳам қайтариб ололмаган. Чилонзор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари саъй-ҳаракатлари билан Э.Бешимовга тўлаган пули тўлиқ қайтариб берилди.
Чилонзор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари яна бир шундай аризани ўрганиб чиқишди. Унга кўра, “UZ AUTO PREMIUM” МЧЖ "Дамас" автомобили учун 32 009 000 сўм бошланғич тўлов тўлаган Амин Бурҳоновнинг ҳам машинасини ўз вақтида етказиб бермаган. Фуқаронинг муаммоси ҳал этилиб, тўлаган пули олиб берилди, дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.