Халқаро аэропортлардаги мазкур икки йўлакли тизим 2018 йил 1 январда ишга туширилганди.

Хўш, янги — масофавий божхона назорати тизими нима мақсадда ташкил этилди, унинг афзалликлари нимадан иборат, йўловчиларга қандай қулайлик яратади?

— Бу, аввало, юртимизга таширф буюрувчилар сони тобора ортиб бораётгани билан боғлиқ, — дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов. — Яъни, халқаро аэропортлар орқали йўловчилар оқими йилдан-йилга ошиб бораётганидан келиб чиқиб, божхона назорати тартиботларини соддалаштириш ҳамда уларни халқаро стандартларга мослаштириш зарурати туғилди.

Шунинг учун Президентимизнинг 2022 йил 27 апрелдаги  фармонига мувофиқ, халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида масофавий божхона назорати тизими жорий этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги қарори билан эса мазкур тизим тартиби белгилаб берилди.

Янги тизим  бир қатор афзалликларга эга. Яъни у орқали  давлат назорат органларининг такрорланувчи назорат шакллари қисқартирилиб, назорат зоналаридан ортиқча вақт сарфламасдан ўтиш имконияти яратилади.  

Аввал амалда бўлган икки йўлакли тизимдан воз кечилиб, жисмоний шахслар ва уларнинг қўл юклари визуал кузатув орқали назоратдан ўтказилади.

Йўловчилар божхона органлари томонидан хавфни бошқариш тизими томонидан буюрилганда текширилади.

Жисмоний шахслар ва уларнинг қўл юкларини назоратдан ўтказишда Давлат хавфсизлик хизматининг авиация хавфсизлиги бўлинмалари билан ҳамкорлик қилинади.

Шуни таъкидлаш жоизки, масофавий божхона назорати тизимида божхона органлари алоҳида жойларда хизмат олиб бориб, йўловчилар ҳаракатини чекламайди.

Мазкур тизим туфайли мамлакатимиз туризм жозибадорлигини ошириш ҳамда йўловчиларнинг назорат тартиб-таомилларига сарфланадиган вақт сарфини, шунингдек, ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга эришилади.

Масофавий божхона назорати халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида ҳамда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган тизим ҳисобланади.

Халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида жисмоний шахсларнинг божхона декларациясини расмийлаштириш ва уларга божхона қонунчилиги бўйича тушунтиришлар бериш учун йўловчилар ҳаракатига таъсир қилмайдиган алоҳида божхона расмийлаштируви жойи ташкил этилади.

Ўзбекистон очиқ мамлакат, туризм салоҳияти юқори. Шу боис, юртимизга келувчи сайёҳлар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида “Тошкент” халқаро аэропортидан жами 4 миллион 160 минг йўловчи рўйхатдан ўтган. Шундан  2 миллион 40 минг нафари кирувчи, 2 миллион 123 минг нафари чиқувчи йўловчилар. Жорий йилнинг етти ойида эса жами йўловчилари сони салкам уч миллион нафарга етди.

Аэропортларни мамлакат дарвозасига қиёслашади. Мамлакат ҳақидаги илк таассурот ҳам шу ерда шакклланади. Шу жиҳатдан олганда, ушбу масканда кўрсатиладиган хизматлар қанчалик замонавий, қулай ва тезкор бўлса шунчалик яхши. Бу мамлакатнинг халқаро доирадаги имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири