Бунинг учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Инвестициялар ва ташқи савдо, Ташқи ишлар, Молия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти сингари давлат органларининг тил бўйича маслаҳатчиларига огоҳлантириш берилди. 

Бундан бир ярим йил аввал Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унга кўра, аввало, иш юритишни давлат тилида ташкил этишга шахсан раҳбар ва ҳокимлар масъул экани белгилаб қўйилди. Шунингдек, барча вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳокимликларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Маслаҳатчи ўз мақомига кўра раҳбарнинг ўринбосарига тенглаштирилди. Унинг асосий вазифалари белгиланиб, маслаҳатчи фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Қарорда ҳар бир маслаҳатчи фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти (томонидан мувофиқлаштириб борилиши белгиланди.

Ана шу вазифалар ижроси бўйича департаментнинг ярим йиллик ҳисобот йиғилиши Республика Маънавият ва маърифат марказида видеоселектор тарзида ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар, ҳокимларнинг маънавият бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Йиғилишда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилгани баробарида йўналишларда камчилик ва муаммолар ҳам учраб тургани таъкидланди.

Жумладан, бир ярим йил вақт ўтса-да, ҳалигача рус тилида хат-ҳужжат алмашаётган, қолаверса, хат бланкларини имло ва услубий хатолар билан расмийлаштираётган вазирлик ва идоралар мавжуд. Бунинг учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Инвестициялар ва ташқи савдо, Ташқи ишлар, Молия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти сингари давлат органларининг тил бўйича маслаҳатчиларига огоҳлантириш берилди. Мавжуд 24 та вазирлик орасида Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Қишлоқ хўжалиги, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, шунингдек, Солиқ, Экология, Мудофаа саноати, Саноат хавфсизлиги давлат қўмиталаридан хат бланклари тўлиқ ўзбек тилида, лотин графикасида юборилаётгани намуна сифатида кўрсатилди.

Шу билан бирга, айрим ҳокимлик, вазирлик ва идоралар сайтлари рус тилида юкланаётгани аниқланди. Ташқи ишлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси, Кинематография агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Ўзбекистон банклари ассоциацияси сингари аҳоли кўп мурожаат қиладиган ташкилот ва идораларга 1 августга қадар ўз сайтларининг ўзбек тилида юкланишини таъминлаш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарори талабларига кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб раҳбарлик ва масъул лавозимга тайинланадиган шахслар давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини олиши белгиланган бўлиб, бу жараённинг ҳам амалда жуда суст бораётгани таҳлил қилинди.

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш асосида ҳудудларда маънавий-маърифий ишларни ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган 13 та ҳудудда мавжуд муаммолар ечими юзасидан мутасаддилар билан онлайн мулоқот қилинди. Масъулларга биринчи навбатда Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларидаги вакант ўринларни тўлдириш вазифаси топширилди.

 “Энг намунали туман ва шаҳар” танловига 14 та ҳудуддан танлаб олинган туман/шаҳарлар маълум қилиниб, баҳолаш ишлари режа асосида олиб борилиши айтилди.

Шунингдек, йиғилишда мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” республика танловига мурожаат қилган ташкилотлар, танловнинг бу йил қандай ташкил этилаётгани, атамаларнинг муқобилларини шакллантириш ва топонимик объектлар борасида олиб борилаётган ва режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.