“Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг “Бухоро” конференс залида мазкур авиакомпаниянинг Тошкент ва Бишкек йўналишларидаги янги рейсига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Туризм ва спорт вазири ўринбосари Абдулазиз Аккулов, траснспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев, Кувайт давлатининг малмакатимиздаги элчихонаси вакили Салих ал-Сарави, “Jazeera Airways” авиакомпанияси ижрочи директори Роҳит Рамачандран ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланишича, Тошкент шаҳридан Кувайтга ва Кувайтдан Тошкент шаҳрига ҳафтасига икки авиарейс қўйилади. Рейслар А320neo самолётида амалга оширилади. Бортда йўловчилар премиум тоифали жойлардан бирини танлашлари мумкин. Олиб ўтиладиган юк меъёри 30 кгни ташкил этади.

Туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Аккулов мазкур рейс келажакда икки давлат учун ҳам туризм йўналиши ривожида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.  

– Мамлакатимизда туризмга қаратилаётган эътибор туфайли кўплаб давлатлар билан авиапарвозлар очилмоқда. Кувайт-Тошкент авиарейсининг йўлга қўйилиши ҳам юртимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир, – дея таъкидлади Азиз Аккулов. – Давлатимиз раҳбари томонидан туризм соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим бўғинларидан бири – авиация тизимини кучайтириш юзасидан берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил бошида бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва “Jazeera Airways” авиакомпанияси масъуллари ўртасида ҳамкорлик келишуви бўлиб ўтган эди. Шунга асосан траснспорт вазирлиги билан ҳамкорликда илк авиарейсни қабул қилиб олдик.

Айни пайтда Кувайтга киришга фақатгина Кувайт фуқаролиги бўлган йўловчиларга ҳамда уларнинг биринчи даражадаги қариндошларига рухсат берилади. Чет элликлар эса жорий йилнинг 1 августидан Кувайтга киришлари мумкин.

– “Jazeera” Яқин Шарқ томонидан етарлича хизмат кўрсатилмаётган мамлакатлар бўйлаб кўламини кенгайтиришда давом этади ва меҳнат таътилини режалаштираётган сайёҳларнинг йирик кўламига хизмат кўрсатади, – деди “Jazeera Airways” авиакомпанияси ижрочи директори Роҳит Рамачандран. – Бутун дунёда коронавирус инфекциясига қарши вакцинация давом этаётгани боис бу ёзги мавсумда аэропортлар саёҳатлар учун хавфсиз дея эътироф этилаётгани бетакрор манзилларни таклиф этган ҳолда аста-секин ўз чегараларини очмоқда. Авиакомпания учувчилари ва борт кузатувчилари тўлиқ вакцинациядан ўтишган, шунинг учун мижозларимиз биз билан хавфсиз саёҳат қилганликларига ишонч ҳосил қилишлари мумкин.

Тадбирда, шунингдек, Кувайт давлатининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили Салих ал-Сарави иштирок этиб, Кувайт-Тошкент авиайўналишининг очилиши икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама алоқалар тараққиётига кенг йўл очишини таъкидлади.