Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида математика фани бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ўқув дастурлари ва фанларнинг узлуксизлигини ҳамда узвийлигини таъминлаш бўйича давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда математикани ўқитиш бўйича фан дастурларини такомиллаштириш, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини сингдириш ва халқаро тадқиқотларга мослаштириш юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди.
— Бугунги кунда ҳеч бир соҳа математикасиз ривожлана олмайди. Давлатимиз раҳбари топшириғи билан бундан бир неча ой муқаддам узлуксиз таълимда узвийликни таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга киришдик, — деди инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Таълим ташкилотлари аттестацияси ва рейтингини аниқлаш жараёнида ўтказилган синовлар юртимизда математика фани ўқитилиши талаб даражада эмаслигини кўрсатмоқда. Қайси таълим босқичида бўлишидан қатъи назар, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билим даражасини оширишимиз лозимлиги ҳам кўзга ташланмоқда. Шунинг учун ушбу фан ўқув дастурларини ташкил этиш ва амалиётга жорий этишда бажарадиган ишларимиз жуда долзарб. Бу орқали узлуксиз таълим тизимида математика фанини ўқитишга янги ҳаво олиб киришимиз мумкин.
Бугунги кунда математика фани бўйича мавжуд ўқув дастурларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича 23 нафар энг тажрибали ва малакали олимдан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ишчи гуруҳ амалиётчи олимлар ва педагоглар билан ҳамкорликда математика фанининг узлуксиз таълим тизимидаги ўқув дастурларини ўрганиб чиқди. Ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда мазкур фан бўйича такрорланган мавзулар 9 та, узвийлиги таъминланмаган мавзулар 29 та, янгиланиши зарур мавзулар 94 та, олиб ташланадиган мавзулар 43 та, бошқа таълим турига ўтказиладигани 20 та экани аниқланди.
Мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, фан дастурини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу концепция бўйича яратилган ўқув дастурлари Таълим инспекциясининг uzviylik.tdi.uz муҳокама порталига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар концепцияни янада такомиллаштириш бўйича фуқаролар томонидан 150 дан ортиқ таклиф билдирилди.
Бугунги кунда фан дастурларини амалиётга жорий этишда уларнинг фақат “узунлиги” эмас, “кенглиги”га ҳам эътибор қаратилиши лозим. Яъни ўқув дастурларининг такомиллаштирилишида, мавзуларнинг хилма-хиллиги билан бир қаторда уларнинг мазмунан кенгайиб боришига ҳам эътибор қаратилади. Бунда яратилаётган ўқув дастурлари амалиётчи ўқитувчилар томонидан апробациядан ўтказилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида, шунингдек, математикани ўқитиш бўйича нафақат маҳаллий, балки Финляндия тажрибаси ҳам муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, фин мактабларида ушбу фанни ўқитиш учун ажратилган дарс соатлари миқдори Ўзбекистонга нисбатан анча кам. Аммо ўтказилган халқаро тадқиқотлар натижалари бўйича мамлакатда таълим сифати ва самарадорлиги кўрсаткичлари ҳар доим юқори натижаларни қайд этиб келмоқда.
Бу борада Финляндия мактабларига дарс соатларини эркин тақсимлаш имконияти берилиши билан бир қаторда, таълим жараёнларида методикага алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди ва бу орада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.