Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда узлуксиз таълим тизимида математик фанларни ўқитишда узвийлик масаласига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирда математик таълимда ўқув дастурларини тузишда узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди. Семинарда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда таълим тизимидаги ўзгаришларга (12 йиллик мажбурий таълим, умумтаълим мактабларида 10-11-синфларда ўқитишнинг қайта тикланиши ва бошқалар) мувофиқ, математик таълимнинг ўқув дастурларига мос ўзгаришларнинг ўйланмасдан, шошмашошарлик билан киритилиши натижасида математика фани ўқитувчилар ва ўқувчилар учун умумтаълим фанлари орасида энг қийин фанга айлангани, мактаб дастури ва олий таълим дастури ўртасида мантиқий боғлиқлик сустлашганини таъкидлашди.
Шунингдек, математика фанлари дарсликларининг назарий билимга кўпроқ йўналтирилгани ва реал ҳаётдан узилиб қолганлиги оқибатида математика ўқувчиларни мантиқий фикрлашга ундайдиган, ҳаётий муаммони ечишга ва тадқиқ этишга йўналтирадиган қизиқарли фан сифатидаги жозибадорлигини йўқотгани айтилди. Таълим инспекцияси томонидан ўтказилган миллий ва халқаро тадқиқотларда (PISA) ҳам бу ўз исботини топмоқда. Бу каби муаммолар олий таълим тизимида ҳам долзарблигича қолмоқда. Олий таълим муассасаларида математикани ўқитишда кадр тайёрланадиган йўналиш ва мутахассисликнинг ўзига хослигини инобатга олмасдан «бир қолип барчага мос тушади» тамойилига асосланилаётгани учрашувда мутахассислар томонидан кескин танқид қилинди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Математика институти мутахассислари томонидан бу борада Финляндиянинг тажрибасини ўрганган ҳолда нафақат математик таълим дастурларини, балки уни ўқитиш методикаси ва ўқувчиларда математик кўникмаларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, математика фанлари ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишлари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Таълим тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, инспекция ҳамда тегишли таълим вазирликларига мактабгача, умумий ўрта, профессионал, олий таълим ўқув дастурлари ва фанларнинг узлуксизлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилган. Бунда мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим фан дастурлари узвийлигини таъминлаш ва таълим жараёнига янги ўқув дастурлари ва режаларини жорий этиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли йўл харитаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 21 фан бўйича узлуксиз таълим тизими учун концепциялар лойиҳалари тайёрланиб, «Узлуксиз таълимда фанлар узвийлиги» муҳокамалар порталига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар мазкур порталга 3 000 дан ортиқ таклиф келиб тушган. Бундан ташқари, таълим турлариаро ўхшаш фанлар саралаб олиниб, мазкур фанларнинг бир-бирини такрорловчи ҳамда ўзига хос томонлари қиёсий ўрганилмоқда.
Таъкидланишича, барча фан дастурлари қиёсий таҳлили натижасига кўра, мактабгача таълим босқичида 44 та, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимда 184 та, касбий таълимда 78 та, олий таълимда 151 та, яъни 4 та таълим босқичида жами 457 та мавзу қисқартирилиши таклиф қилинган. Шунингдек, унинг сўзларига қараганда, мактабгача таълим босқичида 115 та, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимда 601 та, касбий таълимда 131 та, олий таълимда 173 та, яъни барча таълим босқичларини ҳисоблаганда жами 1020 та мавзу янгидан киритилиши ёки такомиллаштирилиши керак.
Хусусан, мазкур масалани биргина математика фани мисолида кўрадиган бўлсак, мактабгача таълим босқичида 3 та, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимда 20 та, касбий таълимда 3 та, олий таълимда 3 та, яъни 4 та таълим босқичида жами 29 та мавзуда таълим турлари орасидаги узвийлик таъминланмаган. Шунингдек, барча таълим турлари бўйича фан дастурларидаги 94 та мавзу такомиллаштирилиши ёки янги киритилиши керак. Шунингдек, фан дастурларини PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро тадқиқотларга мослаштириш учун 4 та таълим турида жами 89 та мавзу киритилиши лозим.
Шунингдек, тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов математика фани бўйича фан дастурларининг узвийлигини таъминлашда Математика институти билан ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталар экан, жумладан, шундай деди:
– Узлуксиз таълим тизимида фан дастурларининг узвийлиги таъминланмагани таълим сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, таълим турлариаро мавзуларнинг такрорланиши, айрим мавзуларга ҳаддан зиёд кўп соатнинг ажратилгани, фан мазмуни деярли назарий маълумотларга асосланганлиги ҳамда халқаро тадқиқотлар сингдирилмаганлиги каби муаммолар мавжуд. Таълим босқичлари мазмуни таҳлилида 10–15 фоиз мавзуларнинг такрор берилаётганлиги, 50–60 фоиз мавзуларда узвийлик таъминланмаганлиги таҳлилларда кўринди.
Олдимизда таълим мазмунини белгилашга хизмат қилувчи, узлуксиз таълим тизимининг меъёрий ҳужжатлари, ўқув дастурларининг узвийлигини таҳлил қилиш, уларнинг ҳар бир фан бўйича босқичлар орасида такрорийлигининг олдини олиш бўйича ишлар ҳамда узвийлиги таъминланган фан дастурлари асосида дарсликлар мазмунини ҳам мувофиқлаштириш каби долзарб вазифалар турибди.
Бунда ҳар бир фан бўйича мутахассислар тайёрлаш жараёнини ягона методология атрофига бирлаштиришимиз лозим. Бу жараёнда ҳар бир таълим вазирлиги масалага ўз ваколати ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ёндашмоқда. Айни шу нуқтаи назардан, ушбу дастурларнинг Математика институти олимлари томонидан экспертизадан ўтказилиши жараённинг янада самаралироқ йўлга қўйилишига хизмат қилади.
Тадбир якунида математика фани бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.