2020 йили пандемия шароитига қарамай, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мактаблар рейтингини аниқлаш мақсадида, яъни 992 та умумтаълим муассасаси фаолияти жами мактабларнинг 10 фоизи 4 та индикатор асосида баҳоланган эди. Ҳудудлар рейтингида энг юқори ўринларни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, қуйи ўринларни Сирдарё, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари банд этган. Мазкур рейтингни тузишда тасодифий асосда вилоятдаги танлаб олинган 94 мактаб фаолияти ўрганилди.
Ҳудудни ўрганиш мобайнида маҳаллий ҳокимликлар, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида вилоят мактабларининг рейтингда қайд этаётган натижалари танқидий муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, 2020 йили мактаблар рейтингини аниқлаш жараёнида ўтказилган назорат ишлари натижасига кўра 9-синф ўқувчиларининг математика фанидан ўзлаштириш даражаси бўйича энг паст кўрсаткич Бойсун, Денов, Жарқўрғон, Олтинсой, Қизириқ, Қумқўрғон, Шеробод ва Шўрчи туманлари ҳисобига тўғри келади. Ҳудуддаги мактаблардан кучли 10 таликка бирорта ҳам мактаб кирмаган, 61 та мактаб 500-ўриндан паст поғонани эгаллаган, уларнинг 36 таси 800-ўриндан пастда.
Ҳудудий мутасаддилар билан мулоқот жараёнида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтаркан, вилоятдаги мактабларни олий маълумотли педагоглар билан таъминлаш, малака ошириш жараёнини сифатли ташкил этиш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хусусан, ўқув-лаборатория синфлари, кутубхона, информатика, касбга йўналтириш хоналарининг моддий-техника базасини яхшилаш, замонавий электрон қурилмалар билан таъминлаш лозимлигини таъкидлади.
— Вилоят мактабларида таълим-тарбия сифатини ошириш, ўқувчиларга билим олиши, ўқитувчиларга эса самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитларни яратиш кун тартибида турган энг муҳим вазифаларимиздан, — деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Президентимиз топшириғига асосан 2021 йилдан бошлаб тузиладиган рейтингда мамлакатимиздаги барча мактаблар фаолияти ўрганилади. Унинг натижаларига қараб, нафақат мактаб директорлари ва ўринбосарларига, балки ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига ҳам баҳо берилади. Бу, ўз навбатида, маҳаллий ҳокимликларнинг умумтаълим муассасалари олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади. Шунинг учун вилоятдаги мутасаддилар билан биргаликда мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича йўл хариталари белгилаб олдик ва уларнинг ижросини мониторинг қилиб борамиз.