Унда 2020 йилда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида Қамаши тумани “Оқробот” маҳалласи ҳудудидаги 450 гектар лалми майдонга токзор ташкил этиш учун банкдан бир неча миллиардлик имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилгани, лекин токзор бугун чўлга айлангани, шунча маблағ ҳавога учгани ҳақида сўз юритилганди.
Токзор шу атрофдаги “Оқробот”, “Гулшан”, “Каптархона”, “Равот” маҳаллалари фуқароларига ажратиб берилган. Фуқароларга 18 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача имтиёзли кредит расмийлаштирилган. Аммо фуқароларнинг бундан умуман хабари бўлмаганлиги ҳақида мурожаатчиларнинг интервьюлари эълон қилинганди.
Мана, орадан бир ойча вақт ўтган бўлсада, “Халқ банки” мутасаддилари бу борада ўз муносабатини билдиришмади.
Биз мавзуга қайтиб яна журналистик суриштирув ўтказганимизда, айни кунларда “Халқ банки” АТБ Қамаши филиали ходимлари томонидан кредитларни бошқалар номига расмийлаштириш учун аҳолидан ҳужжатларга имзо қўйдираётган экан.
Биздаги маълумотларга кўра, ушбу токзорга 16 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар сарфланган. Бугун янтоқзорга айланган токзор учун сарфланган кредитларни бошқа бировнинг номига расмийлаштирган билан муаммо ҳал бўлиб қолармикан? Аслида бу пуллар токзор учун сарфланганми? Нега бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмаяпти? Бунинг номини кўзбўямачилик дейишмайдими?
Акбар РАҲМОНОВ
“Янги Ўзбекистон” мухбири