Бугун ҳам дам олиш куни, боз устига ёмғир ёғиб турган ноқулай об-ҳаво шароити бўлишига қарамай, пойтахтимизнинг Чилонзор тумани «Махсустранс» корхонаси ишчилари тиним билмай меҳнат қилишда давом этяпти.

Эрта тонгдан 11 та техника кўп қаватли уйлар ҳудудидаги чиқинди йиғиш пунктларида тўпланган чиқиндиларни, ерли маҳаллаларда йиғилган чиқиндиларни ва марказий кўчаларда тўпланган чиқиндиларни олиб ташиб кетиш учун йўналтирилди.

Бугун тумандаги Хонтўпи, Катта Дўмбиробод, Мевазор, 1-Чарх Комолон, Бешқўрғон, Тирсакобод каби йирик маҳаллалар ҳудудидаги ва марказий кўчалардаги чиқиндилар ташиб чиқиб кетилди.

Маълумот учун айтиш жоизки, кеча туман маҳаллаларида ва катта кўчаларда ўтказилган ҳашар натижасида йиғилган 197 тонна чиқинди Чилонзор туман «Махсустранс» корхонаси ишчилари томонидан ташиб чиқариб кетилди.

Туманимиз тозалиги учун шундай ёмғирли кунларда ҳам ўз ишини давом эттираётган озодалигимиз посбонларига миннатдорлик билдириб қоламиз, деб хабар беради Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.