Ҳудуднинг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат 24-27 даражани, иккинчи ярмида эса 28-31 даражани ташкил этади. Май ойида ёз фаслидаги каби ҳарорат 35-37 даражагача бўлган иссиқ кунлар ҳам кузатилади. Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун май ойининг мутлақ максимуми 39-41 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 43-45 даражани ташкил этади.
Бироқ, жуда камдан-кам ҳолларда, май ойида ҳам кундузги ҳарорат 13-18 даражагача пасаядиган кунлар кузатилади. Республика ҳудудининг катта қисмида 1989 йилнинг май ойи бошида кечалари совуқ кузатилган. Бу Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг кечки совуқлардир.
Май - ҳали ҳам ёғингарчилик кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Май ойидаги ойлик ёғингарчилик меъёри март ва апрель ойларига нисбатан тахминан учдан бир қисмга камроқдир. Май ойида ёмғир, кўпинча, қисқа муддатли тавсифга эга ва деярли ҳар доим момақалдироқ билан кузатилади.
Ушбу йилда май қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади.
1 май куни ҳаво ҳарорати 30-33 даража атрофида бўлади. Сўнгра, ҳафта давомида ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи 23-28 даражани ташкил этади, ўн кунликнинг энг охирида эса ҳарорат яна кўтарила бошлайди. Кейинчалик май ойининг охиригача ҳарорат кечалари 10-13 даражадан 17-20 даражагача, кундуз кунлари 22-25 даражадан 32-35 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
1 майдан 10 майгача асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 4 май куни шимоли-ғарбий ҳудудларда, 6-7 май кунлари республиканинг қолган ҳудудларида асосан жадаллиги бироз бўлган момақалдироқли қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин. Умуман олганда, май ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Аммо шуни эсдан чиқармаслигимиз жоизки, май ойида об-ҳаво ўзгарувчандир. Кўпинча май ойида кучли жала ёмғирлар ёғади, бунда бир неча соат ичида ойлик ёғингарчилик меъёрининг ярмигача ёки ундан кўп қисми ёғиши кузатилади.
Шундай қилиб, Тошкентда бир кеча-кундуз учун максимал ёғингарчилик миқдори ойлик меъёр 41 мм бўлганда 50 мм ни ташкил этади, Тошкент вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида май ойининг айрим кунлари бир кеча-кундузги ёғингарчилик миқдори 90-120 мм бўлган жуда кучли жала ёмғирлар ёғиши кузатилган эди. Кўпинча бундай ёмғирлар маҳаллий характерга эга ва ҳатто битта шаҳар ичида жуда турли жадалликка эгадир.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда кучли жала ёмғирлар ёғиб ўтиши айниқса хавфлидир. Улар сел каби табиий ҳодисанинг шаклланишига олиб келиши мумкин.
Сел оқимларини прогноз қилиш ва иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш Ўзгидромет фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Ўзгидромет прогнозлари ва тезкор гидрометеорологик ахборотларини кузатиб боринг, шунда сиз салбий табиат ҳодисалардан келиб чиқадиган зарарни олдини олиш чораларини кўришингиз мумкин.