Фарғона шаҳрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали вилоят байрамида сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, жорий йил май ойининг иккинчи ҳафтасида вилоятда «Оналарга эҳтиром» байрами ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Ўтган йили Наманганда бир янгиликни режа қилгандик, афсуски пандемия сабабли амалга оширишнинг имкони бўлмаганди.
Дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларда май ойининг турли кунларида Оналар куни нишонланади. Биз ҳам бу йил май ойининг иккинчиси ҳафтасини Фарғона вилоятида Оналар куни сифатида байрам қилсак, байрам қилганда ҳам «Оналарга эҳтиром» байрами номи билан оммавий шодиёна сифатида ўтказсак,” деб таклиф қилди вилоят ҳокими.
Жалолиддин Румийнинг «Она ҳақларига диққатли бўл, уни бошингга кўтар. Зеро, оналар тўлғоқ машаққатини чекишни бўйинларига олмаганларида чақалоқлар дунёга келиш учун йўл тополмас эдилар» деган ҳикматини иқтибос қилган Хайрулло Бозоров, «Биз «Оналарга эҳтиром» байрами доирасида азизу мукаррам бўлган инсонни дунёга келишига сабабчи бўлган Сиз аёллар учун, оналар учун яна бир бор ўз эҳтиромимизни кўрсатсак, 8 март билан бирга оналаримизнинг иккинчи байрамини ҳам нишонласак, менимча ҳаммага маъқул бўлади» деб фикр билдирди.