Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Болалар травматология ва ортопедияси бўйича бош маслаҳатчиси Абдухалил Худжанов жавоб берди.
— Маймоқликдан қутулиш учун гипс қўйиш, жарроҳлик амалиёти ўтказишдан бошқа даволаш усуллари ҳам борми?
— Авваллари гўдак бир ярим ёшга етгунига қадар гипс қўйилар, кутилган натижага эришилмаса, жарроҳлик амалиёти қўлланар эди. Ҳозирги кунда эса ортопедиядаги замонавий даволаш услублари маймоқликнинг оператив даво чораларини анча эрта амалга ошириш имконини беряпти.
Оёқ пайини узайтириш, яъни ахиллотомия бугун амалиётда юқори самара бераётганлиги фикримиз исботидир. Мазкур технологияни хасталикнинг оғир даражаларида ҳам қўллаш мумкин. Қисқа фурсатда бажариладиган амалиётдан сўнг боланинг оёқларига махсус пластмассадан ишланган шина тақилади. Шина олингач, бола маймоқликни даволаш учун мўлжалланган махсус ортопедик пойабзалларни кийиб юриши лозим бўлади.
— Маймоқлик хасталиги қайталаниши мумкинми?
— Ортопедик касалликларнинг деярли барча тури бирламчи ҳолатига қайтиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунга, шубҳасиз, муолажадан кейинги реабилитация чораларига қатъий амал қилмаслик сабабдир.
Мисол учун, айрим ота-оналар боласининг оёғи тузалиб, юриб кетгач, ортопедик пойабзал кийдириш, уқалаш (ёки даволаш гимнастикаси) муолажаларини бажаришни унутиб қўйишади. Чала даволаниш туфайли оёқ аввалги қолипига тушиб қолиши эҳтимоли кучлидир.
Беморлар орасида такроран операцияга олиб келинганлар ҳам йўқ эмас. Амалиётдан сўнг оёқни текис ҳолатга мослаштириш учун физиомуолажа, парафин, сувли ванналар, электрофарез сингари реабилитация тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Йўқса, операция йўли билан чўзилган пай яна қисқариб, маймоқликни юзага келтираверади.
— Ортопедик касалликларда гўдакнинг эрта юриши ман этилади, маймоқликда ҳам шундайми?
— Айрим ортопедик касалликларда гўдакнинг эрта қадам ташлаши ман этилади. Маймоқлик эса бундан мустасно. Мазкур хасталикда болакай қанча эрта қадам ташласа, шу қадар фойдалидир.
Маймоқлик билан оғриган болалар кўпинча, оёқнинг ён томони билан юра бошлашади, оёқ панжасини тўлиқ ерга босиш учун эса ҳаракатни чекламаслик даркор.
Келгусида маймоқлик билан туғилган бола спортнинг ҳар қайси тури билан шуғулланиши мумкин. Жисмоний фаолликка қанчалик кўп эътибор берилса, мушак ва бўғимлар шу қадар мустаҳкамланиб бораверади. Бир сўз билан айтганда, ушбу хасталикдан болаларни фориғ этиш учун тўғри даво чораларини қўллаш ҳамда ота-оналардан алоҳида ғамхўрлик, диққат-эътибор талаб қилинади.
А. Худжанов билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.