Франциянинг Le 10 Sport нашри хабарига кўра, Франция терма жамоаси жаҳон чемпиони Килиан Мбаппе “ПСЖ”дан “Манчестер Юнайтед”га ўтиши мумкин.
Аввалроқ, қатарлик сармоядор Шайх Ҳамад бин Жассим бин Жобир Ал Тани “Манчестер Юнайтед” акцияларининг назорат пакетини сотиб олиш учун ариза топширган эди. Унинг рақобатчиси Ineos эгаси британиялик миллиардер Жим Рэтклиффдир.
Манбага кўра, “ПСЖ” президенти қатарлик Носир Ал-Хелайфи, агар Қатар консорсиуми манкунианликлар клубини сотиб олишга эришса, Мбаппени шу ёзда “Манчестер Юнайтед”га сотишга тайёр.
“Манчестер Юнайтед”нинг ҳозирги хўжайинлари америкаликлар Аврам Глейзер ва Жоэл Глейзер бўлиб, улар жамоани 2005 йилда 1,34 миллиард долларга сотиб олишган.
Мбаппенинг ПСЖ билан шартномаси 2025 йилнинг ёзида якунига етади. Парижликлар таркибида у тўрт карра Франция чемпиони бўлди, икки марта Франция Лига кубоги ва мамлакат Суперкубогини, уч марта Франция кубогини қўлга киритди. Франция терма жамоаси билан биргаликда 2018 йилда жаҳон чемпиони, 2022 йилда эса вице-чемпион бўлди.