22 июль куни Ўзбекистон Миллий университетига “Diplomatic world” журнали ижрочи директори Барбара Дитрих ташриф буюрди. Мазкур делегацияни Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов ва проректорлар кутиб олдилар.

Маълумот учун:   “Diplomatic world” йилда тўрт марта рақамли ва босма шаклда чоп этиладиган халқаро журнал, жаҳон сиёсати, дипломатия, бизнес, молия, санъат ва маданият масалаларини ёритади.

Учрашув мобайнида университет ректори Ином Маджидов Ўзбекистоннинг таълим тизими ва ундаги асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди. Сўнги йилларда олий таълим тизимидаги ислоҳотларга батафсил тўхталиб, мамлакатимизда олий таълим қамрови кенгайиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.

Ташриф доирасида ижрочи директор Барбара Дитрих Ўзбекистондаги таълим тизимидаги янгиликлар билан қизиқиб, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференция ўзгача таассурот қолдирганлиги ҳамда турли тадбирларда Ўзбекистон ёшларидаги иштиёқ ва шижоатни кузатганлигини ҳамда бу уни руҳлантирганлигини билдирди.

“Diplomatic world” журнали ижрочи директори Барбара Дитрих ЎзМУ ҳақида Европанинг бу нуфузли журналида мақола чоп этишни режалаштирилганини ва шунинг учун шахсан ўзи ЎзМУга интервью олиш мақсадида келганини билдирди. Унга кўра, “Diplomatic World” журнали 20 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлса, Барбара Дитрихнинг директор бўлишига қадар журнал асосан сиёсий ва дипломатик муносабатларни ёритган. 2017 йилдан бошлаб журнал ўз аудиториясини кенгайтириш мақсадида иқтисодий, молиявий ва маданий соҳаларни ҳам қамраб ола бошлаганлиги айтиб ўтилди.

Журнал ижрочи директори суҳбат жараёнида халқимизнинг меҳмондўстлиги, ёшларимизнинг интилиши, илм олишга иштиёқи ва янги ғоялар яратиш йўлидаги фаоллишини алоҳида таъкидлади.  Унга ЎзМУ ректори Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар,  Ўзбекистон Миллий университетида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Барбара Дитрик ўзини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таассуротлари билан бўлишди. Учрашув сўнгида томонлар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди ва Барбара Дитрих ЎзМУ ректори Ином Маджидовнинг Ўзбекистоннинг таълим тизими тўғрисида ғарб давлатлари ишбилармон доираларини хабардор қилиш ҳамда Ўзбекистон Миллий университетини халқаро ҳамжамиятга янада танитиш мақсадида “Diplomatic World” журналига мақола чоп этиш таклифини мамнуният билан қабул қилди ва журналнинг кейинги сонида ушбу мақолани чоп этишга тайёрлигини билдирди.