Кейинги йилларда юртимизда илм-фанга муносабат тубдан ўзгарди. Таълим соҳасини ислоҳ этиш, илмий ва инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларга кенг йўл очилди. Сифатли таълим хизматлари кўрсатиш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш янгиланишларнинг пировард мақсадига айланди.
Шу ислоҳотлар жараёнида касб-ҳунар таълими соҳасига ҳам замонавий тамойиллар олиб кирилди. Халқаро андозаларга мос профессионал таълим тизими жорий этилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворига айланди. Сабаби, унга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларини қамраб олган профессионал ўқитиш тизими ҳамда табақалаштирилган ўқув дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари ташкил қилинди. Мазкур дастурлар асосида тегишли кадрлар тайёрлайдиган ўқув масканлари рўйхати тасдиқланди.
Шунга ҳамоҳанг тарзда профессионал ўқитиш тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал ўқув муассасалари тармоғи яратилди. Айни пайтда юртимизда 339 та касб-ҳунар мактаби, 201 та коллеж, 185 та техникум фаолият юритяпти.
Ҳаракатлар стратегиясидаги ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш зарурлиги қатъий белгилаб берилган.
Зотан, халқаро меҳнат бозори, интеграцион жараёнларнинг жадаллашуви, рақамлаштириш, саноатдаги технологик инқилоблар даври ҳам айнан шуни талаб қиляпти. Зарур малака ва кўникмаларга эга, рақобатбардош ўрта бўғин мутахассислари халқаро андозаларга мос, профессионал таълим тизимида тайёрланади.
Шу маънода, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти нафақат таълим муассасалари, балки соҳада инновацион муҳит, янги макон яратиш ишларига изчил киришган.
Жумладан, тизимдаги раҳбар ва педагог ходимлар учун янгича мезонларда ўқув курслари ташкил этиляпти. Мазкур ўқув йилида малака оширишнинг йигирмага яқин янги модули жорий қилинди. Икки юздан ортиқ визуаллаштирилган ва рақамлаштирилган янги электрон таълим ресурслари базаси яратилди.
Институт айни пайтда касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантириш ҳамда раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш йўналишларида фаолият олиб бормоқда. Тизимни қисқа вақт оралиғида ривожлантириш ва жаҳон стандартларига тўла мослаштириш мақсадида ривожланган мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибалари ўрганиляпти. Жараёнда Германия, Швейцария, Жанубий Корея, Туркия ва Хитой каби давлатлар, ЮНEСКО, Британия кенгаши, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Осиё тараққиёт банки, Европа таълим фонди, Туркия ҳамкорлик агентлиги, Хитойнинг Университетлар уюшмаси каби ташкилотлардан икки юздан ортиқ нуфузли экспертлар жалб этилди. Улардан зарур тажриба ва хулосалар олинди.
Беларусь Республикасининг Профессионал таълим республика институти билан профессионал таълим сифатини ошириш, миллий малака тизимини жорий этиш ва WorldSkills стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш йўналишларини қамраб олган ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Давлатимиз раҳбари томонидан хорижий мигрантларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган вазифалар доирасида Россия халқлар дўстлиги институти билан ҳамкорлик ўрнатилиб, Ўзбекистонда унинг ваколатхонаси очилди. Бу мигрантларга рус тилида мулоқот қилиш ва рус тилида касб ўргатиш имконини кенгайтиради.
Профессионал таълим ривожи соҳада меҳнат қилаётган раҳбар ва педагог ходимлар малакасини ошириш қай даражада сифатли йўлга қўйилганига ҳам бевосита боғлиқ. Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 февралдаги “Профессионал таълим муассасаларининг бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, кўзланган мақсадга қисқа вақт оралиғида эришишга хизмат қилади.
Қарорга мувофиқ, раҳбар ва педагог ходимлар, касбий фаолият натижалари қайд этишнинг электрон портфолиоси (таълим платформаси) тизими йўлга қўйилди. Шунга кўра, касбий фаолият натижалари ва эришган ютуқларига асосан раҳбарлар ҳамда педагог ходимлар муқобил, масофавий, малака ошириш таълим муассасалари ва уйғунлашган ҳолда малака оширишга жалб қилинади.
Шунингдек, қарорга асосан, бошқарув ва педагог кадрларнинг илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг касбий эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган узлуксиз малака ошириш шаклларини мустақил танлаш ҳамда ўзлаштириш имконияти яратилди. Малака ошириш ўқув режаларига бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда бошқарув кадрларининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур янги модуллар киритилиб, асосий эътибор амалиётга қаратилди. Ўқув режалардаги умумий соатнинг камида етмиш фоизи амалий дарсларга ажратилгани шундан далолат беради.
Институт негизида профессионал таълим тизимини рақамлаштириш лабораторияси ташкил этиляпти. Параллел равишда профессионал таълим тизимининг барча турдаги меъёрий ва методик маҳсулотларини яратиш, ишлаб чиқилган материалларни таълим платформасида кенг муҳокамага қўйиш ва якуний хулосаларга асосан тайёрланган маҳсулотларни тажриба-синов учун амалиётга киритиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Институт фаолиятида дуал таълим принципларига асосланган тизимни жорий этиш, профессионал таълим соҳасида ўз-ўзини молиялаштириш салоҳиятини ҳосил қилиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 29 мартдаги “Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори бу борадаги ишларимиз жадаллаштиради.
Мамлакатимизда профессионал таълим бўйича юритилаётган давлат сиёсати таълимнинг натижадорлигига қаратилганини соҳада хизмат қилаётган ҳар бир мутахассис яхши англайди. Зеро, амалга оширилаётган бу ислоҳотлар эскича ёндашувлардан воз кечиб, кадрлар тайёрлаш жараёнига инновацион таълим технологияларини жадал суръатда татбиқ этишни назарда тутади.
Муассасамиз ҳам айнан мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда фаолиятини янада жадал, янгиликларга ташналик руҳида давом эттиради. Хорижий тажрибалар асосида педагог ходимларнинг малака оширишга, зарур билим ёки маълумотларга мавжуд эҳтиёжини аниқлаш ва қондириш, уларни малака ошириш курсларига жалб этишнинг янги механизм ва методик таъминотини яратиш биз учун ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолади.
Зайниддин ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Педагогик инновациялар,
касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог
кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини
ошириш институти директори, иқтисод фанлари доктори,
профессор