Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йил I чоракдаги ижроси  юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда, жумладан, меҳнат миграция соҳасида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов  пандемия даврида меҳнат мигрантлари масаласида жуда кўп муаммолар туғилаётганини, шундан келиб чиқиб, вазирлик уч йўналишда – қонунчилик, ташкилий ва молиявий йўналишлар бўйича ишлаётганини қайд этди.

Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил қилинди ва унга 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ, аввало, чет элларда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтаришга сарфланди. Тахминан ўтган йилнинг охири ва шу йилнинг февралигача 362 киши қайтариб келинди. Жамғарма ҳисобидан ўтган йили иш пайтида чет элда ҳалок бўлган 211 нафар юртдошимизнинг жасади олиб келинди. Битта жасадни Ўзбекистонга олиб келиш учун камида 25-30 минг доллар сарфланади. Жамғарма ҳисобидан уларнинг жаноза маросимлари, оиласини қўллаб-қувватлаш ва бошқа тадбирларга маблағ сарфланган.

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, Россия, Полша, Венгрия, Болгария, Руминия, Қувайт, БАА, Япония ва Жанубий Корея билан меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича йил якунигача бўлган муддатда шартнома имзоланган. Улар асосан тил билиш ва соҳа мутахассиси бўлиш талабини қўймоқда. Ҳозир уларни саралаш ва тил ўргатиш ишлари олиб борилмоқда. Йил охиригача расман 500 минг нафар фуқароларни чет элга ишлашга жўнатиш имконияти бор.