Ҳозиргидай супермаркетлар бўлмаган, мева фақат мавсумидагина пишадиган пайтлар. Саксондан ошган онасининг кўнгли нима тусаганини билган ўғил волидасининг қулупнай ейиш истагини қондириш учун пойтахтнинг барча бозорларини айланиб чиқади. Қиш бўлгани боис Тошкентдан қулупнай тополмаган фарзанд самолётда Москвага бориб, қулупнай олиб келади. Бугун эса, ана шундай ҳолатга дуч келиб қоладиган меҳрибон ўғиллар чет мамлакатга бориши шарт эмас.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ердан унумли фойдаланиш, айниқса, томорқани даромад манбаига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли энди ўзимизда ҳам турли полиз маҳсулотларини, ҳатто қулупнайни ҳам исталган пайтда сотиб олиш мумкин. Барча ҳудудлардаги аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш орқали таъминланаётган бундай тўкинлик нафақат эҳтиёжимизни қондириши, балки иқтисодий самарадорликка олиб келиши билан аҳамиятли.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг куни кеча Андижон вилояти фаоллари билан ўтказган йиғилиши вилоятда бу борадаги ишларни янада янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Хусусан, Избоскан туманининг Урганжи маҳалласидаги хонадонларнинг бирига ташрифи чоғида Президентимиз “Энди ҳар бир хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб, бизнес-режа ёзиб берилади. Давлат ташкилотлари шароит яратади. Ҳозирги замонга муносиб бўлиб, меҳнат қилмасак, ниятимизга етолмаймиз. Худонинг ўзи меҳнатга, ҳаракатга яраша ажрини беради”, деди.
Дарҳақиқат, меҳнат қилган элда азиз бўлиши баробарида машаққатларининг роҳатини албатта кўрар экан. Андижонлик Абдуваҳоб ака Худойбердиев ҳам ҳалол меҳнатдан роҳат кўраётганлардан. Айни пайтда унинг томорқасида ҳосили авжига кирган қулупнайлар кўпчилик ўйлаганидек таъмсиз эмас. Аслида тансиқ меваларни исталган пайтда топа олишнинг ўзи ҳам бир мўъжиза, лекин Абдуваҳоб аканинг қулупнайлари қишда ҳам ёзда ҳам бирдек мазали. Айни кунларда унинг хонадонига ташриф буюриб, пуштадан қулупнай териб еган ҳар қандай киши меванинг хушбўйлигини эътироф этаётгани фикримизнинг исботидир.
Чиндан ҳам хонадонга киришингиз ҳамоно қулупнайнинг ёқимли ҳиди димоқни қитиқлайди. Қирғизистондан олиб келинган “Бишкек”қулупнайлари очиқликда қор ёққунича, иссиқхонада қишда ҳам пишиб етилиши билан хонадон эгаларини ҳайратга солди. Шу кунларда супермаркетларда ҳам камёб бўлган бу резавор мевани 7 сотих ерда етиштираётган миришкорлар бозорга ҳар икки кунда 25-30 кило қулупнай етказиб беряпти.
Навга ҳам кўп нарса боғлиқ экан
— Дастлаб ўзимизнинг эҳтиёжимиз учун томорқамизнинг озроқ ерига қулупнай эккан эдик, — дея гап бошлади 71 ёшли отахон. — Ҳосили яхши бўлди, бола-чақа билан мазза қилиб едик. Одатда, қулупнай бир марта пишар эди. Қарасак, қайта-қайта мева тугяпти. Қор ёғай деб турса ҳам гуллашдан тўхтамайди. Шунда тушундикки, биз ўзимиз билмаган ҳолда қулупнайнинг ноёб навини эккан эканмиз. Кўчатларни ўзимизга яқин бўлган, “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинидан сотиб олгандик. Кейин бу навни кўпайтириш ҳақида ўйлаб қолдик. Таваккал қилиб, томорқага тўлиғича қулупнай экиб юбордик. Натижа жуда яхши бўлди, меҳнатларимиз бесамар кетмади.
Шу ўринда айтиш керакки, қулупнайнинг Жанубий Кореядан келтириладиган кўплаб навлари бозоргирлиги, ўзига хос мазаси билан ажралиб туради. Абдуваҳоб акага шу ва шунга ўхшаш навлардан ҳам экишни таклиф қилганлар бўляпти. Аммо ўзи танлаган қулупнай нави серҳосиллиги, ҳар қандай мавсумда мева тугиши билан бошқаларидан устунлик қилди.
Даромад ҳар икки кунда 500–600 минг сўм
Икки кунда бир ҳосил териб олингач, Абдуваҳоб ака ўғиллари билан дарҳол эгатларга сув тарайди. Узилган қулупнай авайлаб сараланиб, салқин жойда сахаргача сақланади. Эрта тонгда бозорга етказилиб, кўтарасига 20-25 мингдан, майдалари 15 минг сўмдан сотилади. Икки куннинг бирида рўзғорга 500-600 минг сўм даромад киради. Ўтган йили қилган даромади эвазига уй-жойларини таъмирлаб олган хонадон эгалари бу йилги фойдага кенжатой невара — Муҳаммадзиёнинг суннат тўйини ўтказишоқчи. Майли-да, ҳозир уй-жойимни таъмирлайман, тўй қиламан, деб кредит олаётганлар ҳам кўп. Шу маънода, оиланинг ички эҳтиёжларини унинг ўзи қондира олиши тадбиркорлик аслида.
Яхши ҳосил астойдил меҳнат ва эътибор талаб қилади
Абдуваҳоб акага ҳавас қилган, яхши даромад топишни ҳоҳлаган қўни-қўшни, маҳалладошлар ундан қулупнай кўчатларини сотиб олишди. Кўчат олаётган ҳар бир харидорга ундан мўл ҳосил олиш учун алоҳида меҳр кераклиги, агар меҳнатига чидамаса, овора бўлмасликни тўғри тушунтиради отахон. Ахир кўчатнинг донасини 500 сўмдан сотиб олаётган қўни-қўшнилар ҳам сарфлаган пулини бемалол қопласин, деб жон куйдиради-да. Бежиз эмас экан, рўпарадаги қўшниси Орзихон опанинг келини айнан уста қулупнайчилардек меҳнат қилаётгани боис, ўзини анча тиклаб олди. Кўпчилик қаровини кўнгилдагидек қила олмай, тўғрироғи, меҳнатига чидай олмай, кўчатларни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Бундай вазиятда оддий қулупнай навлари каби бу нав ҳам мавсумий ҳосил беришдан нарига ўтмайди, албатта.
Маҳалладошлар билан бир оила бўлиб
Маҳалланинг янги сайланган, ёш раиси Ўткирбек Режабалиев Абдуваҳоб ака ва унинг оиласи, шунинг ортидан маҳалланинг ойнаи жаҳонда намуна қилиб кўрсатилганидан ғурурланади. Шундоқ ҳам у меҳнаткаш оилаларни доим ҳурмат қилади. Моддий ёрдам сўраб келганларга доимий иш таклиф қилар экан, “Моддий ёрдам олсангиз, бир марта оласиз, арзимаган пул, дарров тамом бўлади. Агар бизда жамоатчилик асосида ишласангиз, ҳар ой маош оласиз-ку”, дея узоқни ўйлайди. Шундай фидоийлиги, жонкуярлиги сабаб ҳокимиятдагиларнинг ҳам эътиборини қозонган. Тадбиркор, бирни икки қиладиган хонадонларни бошқа оилаларга ибрат қилишдан асло чарчамайди. Ўзига қўйиб беришса, маҳалладаги 5–10 та хонадонни қулупнайчиликка ихтисослаштиришга ҳам тайёр. Зеро, унинг ўзи гап орасида томорқаси кенг, кунгай хонадонларга янги навдан кўчириб ўтказишни режалаштираётганини айтиб қолди. Дарвоқе, туман ҳокими ҳам Абдуваҳоб акадан август ойида 1 гектар ерга кўчат тайёрлаб беришни сўраган. Демак, яқин келажакда Қўрғонтепа туманида қулупнай билан банд бўлган ерлар анча кенгаяди. Ахир қўшни туманлар, бошқа вилоятлардан бу навга қизиқиб қолганлар хонадонга ташриф буюриб турган бир пайтда маҳалладошлар мезбон бўлиб ўтираверадими? Айниқса, давлатимиз раҳбари томорқадан унумли фойдаланиш ҳақида бот-бот таъкидлаётган сўнгги пайтларда бу каби оилалар маҳалланинг юзига айланяпти-ку!
Абдуваҳоб аканинг хонадони азалдан саранжом-саришта, бир қарич ер ҳам лоақал кўкатлар билан банд. Кўчасидаги кафтдек ердан айни пайтда помидордан мўл ҳосил олиб, қўшниларга ҳам улашяпти. Помидордан олдин шу бир парча ердан бир ярим қоп саримсоқпиёз олишга ҳам улгурган отахон энди кечки картошка экмоқчи бу ерга. Шу тариқа ҳосилнинг кети-кетига уланиб, рўзғорнинг ками томорқанинг ўзидан чиқади. Шунинг учун бу томорқа ўтган йили маҳаллада “Энг намунали томорқа” деб топилди.
Энди қишда ҳам қулупнай сотамиз
Абдуваҳоб ака мана шундай эзгу ният билан яқинда 3 миллион сўмга 2,5 сотихли иссиқхонани сотиб олди.
— Ҳар йили Андижонга эртаги қулупнайлар Фарғонадан келади, — дейди отахон. — Насиб қилса, энди биз ҳам қишда бозорга қулупнай чиқара оламиз. Очиқликдаги кўчатларимиз эса март ойининг бошларида ҳосилга кириб, охирларида бемалол пишишга келиб қолади, — дея келгуси режаларини айтади у.
Абдуваҳоб ака очиқликка экаётган қулупнайлар ҳам одатдагидек май ойида эмас, апрелда бемалол пишиб етилади. Августнинг иккинчи ярмидан экила бошлайдиган кўчатлар ноябрь ойигача яхшилаб парваришланади. Ўғитлар ҳам табиий, асосан гўнг шарбатлари оқизилади. Тез-тез суғориб, чопиб, парваришлаб турсангиз, кутган ҳосилни оласиз. Отахоннинг ўзи айтганидек, асосийси, меҳр берсанг бас, ер ҳар қандай ҳосилни етиштириб берар экан.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири