Фарғона — водий марвариди, аёллари унинг дилбар табиати тимсоли. Улар  жамиятнинг ҳар бир соҳасида улкан ишларнинг уддасидан чиқиб,  ўзларига билдирилган ишончини оқлашмоқда.

Аёл қалби баҳор янглиғ гўзаллик ва эзгуликнинг яратувчиси, меҳр-муҳаббат, шодлик ва ҳаётсеварликнинг ибтидоси десак муболға бўлмайди.

Бугунги ўзбек аёли ўзининг билим ва тажрибаси, ташаббускорлик салоҳияти билан жамиятимизнинг юқори мавқеларини эгаллаб  келмоқда. Улар фермерлик ҳаракати, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган  замонавий тармоқлар, таълим, фан, маданият, санъат каби йўналишларда фаоллиги, янги ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этаёгани билан ажралиб туради.

Албатта, булар ўз ўзида бўлиб қолаётгани йўқ. Бу, аввало, давлатимиз раҳбариниг ташаббуси билан хотин-қизларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, эҳтиромнинг амалий ифодаси.

Чўл ерларга дастлаб келганимда, ернинг аянчли аҳволини кўриб,  Қўқон шамолига қўшилиб учиб  кетишимни тасаввур қилиб йиғлаганман. Экин майдонларининг мелеоратив ҳолати, қўчирма қум, шўр ерларда пахта етиштириш осон бўлмаган. Сал шамол турса барча майдонлар қум билан қопланарди. Ҳаммасига қўл силтаб кетишга ғурур йўл бермайди. Бугунгидек имтиёз, имконият,  қўллаб-қувватлашлар қаёқда дейсиз. Тепадан туриб ҳамма буйруқ бериш,  талаб қилиш билан оввора эди. 

Бугун ҳаёт тубдан ўзгарган. “Маҳаллабай” тизимининг йўлга қўйилиши ҳар бир хонадонда эндигина бўй чўзаётган қоракўзларнинг қизиқишларидан тортиб, мактабни эндигина тугатган ёшларни ерли қилишга кўмаклашяпти. Ўгит-насиҳат билан эмас, балки амалий ишлар билан. Ажратилган даласи ҳайдаб, сув чиқариб бериляпти, сара уруғ келтирилиб, экинни парваришлашига, олган ҳосилини сотишгача яқиндан ёрдам кўрсатиляпти.

Президентимиз  томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган  беш муҳим ташаббус — хотин-қизларни иш билан банд қилиш, таълим ва касбий кўникмаларини бойитиш, эҳтиёж ва қизиқишларини таъминлаш  йўлида олиб борилаётган ишлар аёллар қаддини тиклади, фаоллигини оширди.

Яна бир эътиборли томони, кеча  оддий уй юмушларини бажариш билан андармон бўлиб юрган аёл нафақат оила бекаси, шу билан бирга, йирик тадбиркор, экспортга  маҳсулот йўллаётган корхоналарнинг раҳбарига айланди.

Шу кунга қадар  биргина Олтиариқ туманимизда  “Аёллар дафтари”га кирган 1821 нафардан ортиқ аёл 9 тоифага  ажаратилди. Бугунги кунда улар  бандлигини таъминлашга, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Улар томорқада иссиқхона, асаларичилик, паррандачилик, қўйчилик, қорамолчилик йўналишларида мустақил фаолият  кўрсатишлари  учун амалий кўмак олишяпти.

Умрларидан барака топишсин. Эндилида чекка ва олис ҳудудларда ҳам  шаҳардагидан қолишмайдиган  замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари, пишириқ, тикувчилик,  аёллар гўзаллик салони каби кичик бизнес тармоқлари ишга туширилмоқда. Бу ерда “Уста-шогирд” анъаналари асосида  маҳалла ёшларига касб-ҳунар ўргатилмоқда.

Тумандаги тадбиркорлик йўналишда  мустақил иш бошламоқчи бўлган 75 нафар ташаббускор  хотин-қизга  800 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли банк кредитлари ажратилиб, 300 дан  ортиқ   иш ўринлари яратилди. Бундай эзгу ишлар  вилоят  мисолида умумлаштирганда катта ҳажмга айланади.

Ўтган йили  354 гектар ғалла майдоннинг ҳар гектаридан 50 центенердан дон ўриб олдик,  476 тонна пахта етиштирдик. Заиф тупроқни унумдор қилиб, юқори ҳосил олишда 200 нафарга яқин хотин-қизлар фаол. Уларнинг амалий ёрдами, қўллаб-қувватлаши, қабарган қўллари билан чўллар бўстонга айланмоқда, экин майдонларимиз ҳосилдорлиги муттасил ошиб бормоқда. Хўжалигимизда меҳнат қилаётган одамларнинг, тўкис-тугал шароитда ишлаш, дам олишлари  учун ҳамма имконият  бор.

Айни кунда ёш фермер  қизлар мактаби фаолиятини  йўлга қўйдик. Эътиборли жиҳати, бу жабҳада меҳнат қилиш истагида бўлган ташаббускор ёшлар кўпчиликни ташкил қилади.

Жимитдек бўлса-да, ғайрат–шижоатга тўлган Гулсанам Мамаризаева, Зарифа Содиқова сингари ўқувчи қизларимиз экин экишдан тортиб, ҳосил ўрим-йиғим терим ишларида фаол бўлиб келишмоқда. Ипак қурти парвариши авж олган айни паллада бу соҳанинг  билим ва кўникмаларга эга бўлишяпти. Муҳими, меҳнатсевар, қатъиятли бўлажак фермер қизларимиз деҳқончилик сирлари қатори юртга муҳаббат, ерга садоқат, собитқадамлик  бобида кўпдан  сабоқ олмоқда.  Улар юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар давомчилари.

Президентимиз  ўтган йилнинг 5-6 июнь кунлари вилоятимизда қилган ташриф чоғида Марғилондаги Ҳунармандлар марказида ўтказилган учрашувда: “Менинг энг катта ислоҳотим — ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилиш. Бу — Фарғонадаги ўзгаришларнинг бошланиши, қалдирғочи. Худо хоҳласа, натижаларимиз бундан ҳам юқори бўлади”, дея такидлаганди.

Дарҳақиқат шундай. Мамалакатимиз бўйлаб қулоч  ёйган ҳаётбахш ислоҳотлар, хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлидаги амалий тадбирлар бугунги кунда дилбар Фарғонамизнинг ҳар бир оиласи, хонадонида бўй кўрсатиб  турибди.

                                                                 Лола МУРОТОВА,

                                        Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги

                                      “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари