Унда “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик уйлари” ҳамда махсус мактаб-интернат шароитларини яхшилаш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз яшовчи фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор топшириқлар берди.
Мазкур селектор йиғилиши иштирокчиси сифатида ва кун тартибидаги масаланинг ижтимоий моҳиятидан келиб чиқиб ўзимнинг айрим фикр ва мулоҳазамларимни билдиришни лозим топдим.
Таъкидлаш жоизки, инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш — давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши. Меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Буни биз пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, элимиз эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бергани, қийинчилик ва синовларни баҳамжиҳат енгиб ўтганида ҳам кўрдик.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳада ижобий томонга бурилиш ясаш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимиятлар олдида муаммолар ечими ва истиқболдаги вазифалар қуйилиб, унда масъуллар, молиялаштириш манбалари, муддатлари аниқ қилиб белгиланиб берилди.
Навоий вилоятида ҳам ногирон ва ёлғиз кексалар қатлами бор, уларнинг аксарияти тақдир тақозоси билан ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсата олмайди.
Хусусан, Тиббий-ижтимоий хизматлар вилоят бўлими ҳисобида 556 нафар якка ёлғиз киши руйхатда туради. Шу бўлимга қарашли бўлган Нурота туманида жойлашган “Мурувват” эркаклар уйида эса 225 нафар ногиронлиги бўлган шахс доимий равишда парвариш ва даволанишда. Халқ таълими вилоят бошқармаси тизимида кўзи ожиз болалар учун, эшитиш қобиляти чекланган болалар ва бошқа ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда жами 629 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бундан ташқари 691 нафар ногирон болалар эса уй шароитида таълим олмоқда. Бу рақамлар шунчаки оддий математик рақамлар эмас, балки замирида одамларнинг, айниқса болаларнинг дарду-ташвишлари, орзу ва умидлари мужассам бўлганки уни сўз билан таърифлаш қийин, уларга тезда шифо топиш мушкул, бироқ инсонийлик муносабат кўрсатишимиз, меҳр оқибатли бўлишлигимиз бу биз учун ҳам фарз ҳам қарз, десак муболаға бўлмаса керак.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви дастурида белгиланган режалар асосида, “Маҳалла” Фонди Навоий вилоят бўлими ва унинг туманлардаги бўлинмалари жойларда “Мурувват” эркаклар уйи, мактаб-интернатлар, ногирон бўлган шахсларни бирлаштирувчи жамиятлари билан, шу жумладан ногирон бўлган шахслар учун манзилли хайрия тадбирларини ташкил қилиб келмоқда.
Нурота туманида “Мурувват” эркаклар уйи бор, унда 225 нафар ногирон доимий яшайди. Ушбу муассасага бориб турамиз ва Тиббий-ижтимоий хизматлар вилоят бўлими билан ҳамкорликда хайрия ишларини амалга ошириб келмоқдамиз. “Маҳалла” Фонди вилоят бўлими ҳисобидан гигиена воситалари, маска, ногиронларга ички кийим каби нарсалар етказилган.
“Мурувват” эркаклар уйидаги ногирон шахслар орасида расм чизиш, нарса ясаш, ҳатто шеър ёзадиганлари борлиги, уларнинг сони саноқли бўлсада, бу эътиборли ҳолат. Шунга бир мисол келтиришни истардим. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 1999 йил туғилган, I-гуруҳ ногирони, Шоди Ражабов интернатда парваришланмоқда. У шеър ёзишга болалигидан қизиқиб, орзуси шеърларини тўплам қилиш экан. Унинг барча шеърларини олиб, вилоятимизда таниқли шоирлар гуруҳига таништирилди. “Маҳалла” Фонди вилоят бўлими маблағлари ҳисобидан "Ёруғлик сари" номли китоб-тўплам шаклида 1000 дона “Сармиш нашр” томонидан чоп этилди. “Мурувват” эркаклар уйи ҳовлисида, “Дўстлик Байроғи” газетаси таҳририяти кўмаги билан, жамоатчилик иштирокида шеърий тўпламнинг тақдимоти ўтказилди, матбуотда ёритилди. Шу билан бирга, шеърий тўпламни муаллиф тўғилган маҳаллага, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг мамлакатимиздаги барча интернат уйларига, Чироқчи туман ҳокимиятига ва бошқа идораларга почта орқали беғараз юбордик.
Ўтган йили Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинган қарорлари асосида биринчи гуруҳ ногиронлиги бор ва шароити оғир бўлган 78 нафар аёлларнинг уй-жойлари таъмирланиб, ушбу хайрли иш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” ИКга 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги квартиралардан тўрттаси харид қилинди. Ушбу квартираларга биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ва уй-жойи йўқ тўрт нафар қишлоқда яшаб келган аёллар жойлаштирилди.
Тиббий-ижтимоий хизматлар вилоят бўлимининг мурожаати билан Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарорига асосан 375 миллион сўмга ногиронлиги бор фуқароларга 100 дона қўл билан ҳаракатга келтириладиган ногиронлар аравачаси ва 10 дона автоматлаштирилган пультли ногиронлар аравачалари харид қилинди.
Фахриддин Солиев,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси