Тадбирда дастлаб депо бошлиғи Ф.Маҳаматов сўзга чиқиб, “Халқаро ногиронлар куни”да меҳр-мурувватли бўлиш халқимизга хос қадирият эканини айтиб ўтди.
Темир йўл тизимида узоқ йиллар ишлаб пенсияга чиққан ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиш лозимлигини ва бугунги кунда 3-гуруҳ ногирони бўла туриб, ўз меҳнати ва тажрибаси билан депо ривожига ҳисса қўшаётган ишчи-ходимларга ҳам эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Хайрия тадбирида депо Касаба уюшма қўмитаси раиси Д.Асомиддинов ҳам сўзга чиқиб, барча ногиронлиги бўлган пенсионерларга ва шу ерда меҳнат қилиб келаётган ишчи-ходимларга ҳам бирдек эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини, байрам саналарида ҳам улар уйларига бориб ҳолидан хабар олинаётганини айтиб ўтди.
Тадбир сўнггида бугунги кунда меҳнат қилиб келаётган ногиронлиги бўлган темирйўлчилар ва пенсиядаги кексаларнинг 37 нафарига “Ўзбекистон ” локомотив депоси, Касаба уюшма қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг депо раҳбарияти ва Касаба уюшма қўмитаси раиси ҳамда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти вакиллари билан биргаликда тўшакка ётиб қолган 6 нафар пенсиядаги ногиронлар ҳолидан хабар олинди ва уларнинг бир нафарига ногиронлик аравачаси, қолган 5 нафарига эса озиқ-овқат маҳсулоти ва эсдалик совғалари олиб бориб берилди.
– 41 йил давомида “Ўзбекистон” локомотив депосида тепловоз машинисти лавозимида меҳнат қилиб пенсияга чиқдим, – дейди нафақадаги Ҳасан Қулбаев. – Энди пенсияга чиқиб, қарилик гаштини сураман деган чоғимда йиқилиб, бир оёғимдан ажраб қолдим. Бу ҳам етмагандек, бир томонимдан инсульт олиб, тўшакка михланиб қолдим. Буларнинг барчасини Аллоҳнинг бир синови деб биламан. Тўшакка михланиб қолган бўлсам ҳам меҳрибон оилам ҳамда депо раҳбарияти эътиборидаман. Кўп йиллик меҳнатим қадрланиётганидан бағоят шодман.
Феруза ХУДОЙҚУЛОВА,
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ
Ахборот-таҳлилий медиа маркази мухбири