Табиийки, бу ҳолат айниқса шу атрофда яшайдиган аҳоли учун кўнгилни хира қиладиган, ташвишлантирадиган ҳолат эди. Кўп қаватли уйлардан бирида яшайдиган 78 ёшли Жамила ая Жабборова бу ҳудудни боққа айлантириш ташаббуси билан чиқди. Эзгу ташаббус қўни-қўшнига ҳам, маҳалла фаолларига ҳам маъқул келди. Бу ерда ҳашар йўли билан қисқа муддатда мўъжазгина боғ барпо этилиб, мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилди, турфа гуллар ўтқазилди.
Маҳалла оқсоқоли Ёдгорбек Ёқубжонов билан боққа кириб борар эканмиз, Жамила ая пешвоз чиқди. Онахон салом-аликдан сўнг, бизга боғни барпо этишга ҳисса қўшган жонкуяр маҳалладошлари, ғайратли ёшлар ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берди. Маълум бўлишича, боғда ташкил этилган ҳашарда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ерга ниҳол қадаган. Бугун бу ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, табиатга зеб, одамларга завқ улашяпти.
Албатта, ниҳоллар улғайиб улкан дарахтларга айланиши учун ҳали кўп парвариш керак бўлади. Бу борада ёшларнинг нуронийларимизга кўмак бераётгани миллий қадриятларимизга садоқати, она табиатга юксак меҳридан далолатдир. Боғ эса, борган сари чирой очиб, инсоннинг баҳри дилини очадиган сўлим масканга айланмоқда. Боғни барпо этишга нуроний аёллар боғ-қош бўлгани учун бу ҳудуд “Оналар боғи” деб номланди. Боғнинг ўртасида айвон барпо этилган, яқин кунларда бу ерга ўриндиқлар ўрнатилиши режалаштирилган. Демак, ёзнинг иссиқ кунларида бу маскан маҳалла аҳли учун табиат қўйнида ҳордиқ чиқарадиган, қўни-қўшнилар дийдорлашадиган сўлим манзилга айланади.
— Президентимиз ташаббуси билан шаҳар ва қишлоқларимизни яшил ҳудудга айлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда, — дейди Жамила Жабборова. — Бунинг натижасида яшил майдонлар, боғлар кенгаяди. Бу тоза ҳаво, тўкинлик, саломатлик манбаи дегани. Шу боис, хайрли ишга улуш қўшиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Жумладан, биз, оналар ҳам бу жараёнда фарзандларимизга намуна бўлишимиз керак. Шундагина бунёдкорлик, яратувчилик, она табиатни эъзозлаш билан боғлиқ эзгу қадриятларимиз бардавом бўлади. Бундай бебаҳо анъаналаримиз боқий яшаса, келажагимиз обод, эртамиз ёруғ ва фаровон бўлади.
Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” ва “Яшил йиллик” тадбирлари доирасида юртимизнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари жараёнида халқимизнинг ана шундай табиатсеварлик, бунёдкорлик хислатлари янада яққол кўзга ташланмоқда.
Эзгу орзулар обод манзиллардан бошланади
Ўз навбатида, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар аҳолининг бу борадаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзига хос лойиҳаларни амалга оширяпти. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган “Оналар яшил макон учун” лойиҳаси бунга мисол бўла олади. Маълумотларга кўра, шу кунгача юртимизнинг 47 та туман ва шаҳрида “Оналар боғи” ташкил этилган.
— Эзгу орзулар обод хонадондан, обод маҳалладан бошланади, — дейди Қибрай туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ирода Муҳаммадазизова. — Шу маънода, юртимиз бўйлаб қизғин давом этаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳудудларни обод этиш, яшил майдонларни, боғларни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кам таъминланган аёлларнинг хонадонига мевали ва манзарали дарахт, гул кўчатлари етказиб бериляпти. Ўнга яқин маҳаллада “Оналар боғи” барпо этиляпти. Бу хайрли ишлар ҳудудларни обод этиш баробарида, юртимизда тўкинликни таъминлаш, оилаларнинг турмуш фаровонлигини оширишда ўз самарасини беради, албатта.
Қибрай туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор фаслида 750 минг тупдан кўпроқ мевали ва манзарали дарахт кўчати, терак қаламчалари экиш режалаштирилган. Бугунгача экилган ниҳоллар эса, 800 минг тупдан ошди. Экилган ниҳолларни ҳисобга олиш ва парваришлаш ҳам муҳим вазифа. Туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими мутахассислари бу борада изчил иш олиб боряпти. Ҳозиргача экилган ниҳолларнинг 90 фоизга яқини “Яшил макон” платформасида ҳисобга олинди.
“Оналар боғи” аёлларга эҳтиром ифодаси
Тумандаги Узумзор маҳалласида ҳам 10 сотихдан кўпроқ майдонда “Оналар боғи” барпо этилди. Боққа юз тупдан зиёд мевали кўчат ўтқазилди. Умуман, кўкламги экиш мавсумида мазкур маҳала кўчалари, йўл бўйларига 1200 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчати экилди. Узумзорликлар, маҳалла номидан маълум бўлганидек, боғ ва токзорлари билан донг таратган. Бу йил ҳовлилардаги боғ ва ишкомларни кенгайтириш мақсадида хонадонларга бепул мевали кўчат тарқатилди.
— Маҳаллаларимизда янгидан барпо этилаётган боғларга “Оналар боғи”, деб ном берилиши юртимизда сўнгги йилларда аёлларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди, — дейди “Узумзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳикмат Абдуллаев. — Дарҳақиқат, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Хусусан, “Аёллар дафтари” жорий этилиши натижасида оилавий тадбиркорлик ривожланиб, аёллар бандлиги таъминланяпти, оилаларда ижтимоий-иқтисодий муҳит яхшиланмоқда. Ўтган йили маҳалламизда йигирмадан кўпроқ хотин-қиз бу имкониятдан фойдаланди. Жорий йилда яна эллик опа-сингилимиз “Аёллар дафтари” га киритилиб, уларга кўмак бериляпти.
Бундай тадбирлар ҳар бир туман ва шаҳарларда қизғин давом этяпти. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бир қатор маҳаллаларда “Оналар боғи” барпо этиляпти. Ҳозиргача учта маҳаллада 11 гектарга яқин майдонда “Оналар боғи” яратилди.
— Шу кунларда юртимиз бўйлаб қизғин давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш белгиланган, — дейди Узун туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси Қандилбек Иброҳимов. — Хусусан, туманимизда ҳам 668 минг туп мевали ва манзарали кўчат экилди. Маҳаллаларда янги-янги боғлар барпо этилди. Боботоғ ўрмон хўжалиги аҳоли ва фермерларни кўчат билан таъминлаяпти. Жумладан, туманимизда бир қатор маҳаллаларда 15 гектар майдонда “Оналар боғи” барпо этилди. Шунингдек, кўчат етиштириш билан шуғулланаётган аёлларнинг фаолиятини ривожлантириш мақсадида мутахассислар уларга услубий кўмак бермоқда.
Ўрмонлар — экологик барқарорлик ва даромад манбаи
Яшил ҳудудлар, ўрмонлар, боғ-роғлар кенгайиши барқарор ривожланишда муҳим омил бўла олади. Бу жараёнда, айниқса, ўрмон соҳаси ходимларининг ҳиссаси беқиёс. Ушбу соҳа ходимларининг саъй-ҳаракати билан ҳар йили минглаб гектар ҳудудларда янги ўрмонлар барпо этилмоқда. Бу юртимизда экологик мувозанат яхшиланишига замин яратмоқда. Табиийки, бундай эзгу лойиҳаларни амалга оширишга хотин-қизлар ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.
Оила ва хотин-қизлар ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмиталари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида бу йўналишда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳам кўзда тутилгани опа-сингилларимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида иштирокини янада кенгайтиришга замин яратади.
— Ушбу ҳамкорлик доирасида ўрмон хўжалиги тизимида ишлаётган хотин-қизларнинг илмий-амалий тадқиқотлари ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ўрмончилик соҳасида банд аёлларнинг тажрибасини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бўлим бошлиғи, техника фанлари доктори, профессор Карима Норқулова. — Мақсадимиз, аёлларнинг оила ва жамиятдаги ислоҳотларда фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг ташаббус ҳамда интилишларини қўллаб-қувватлашдир.
Ҳамкорлик дастури доирасида ўрмончилик соҳасида ишлаётган хотин-қизларнинг билим ва маҳоратини янада ошириш, интенсив ниҳолхона ташкил қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредит ажратишга кўмаклашилади. Бундан ташқари, етиштирган маҳсулотлар кўргазма ярмаркалари ташкил этилади. Бу чора-тадбирлар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга замин яратади. Шу билан бир қаторда, юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод қилиш, барқарор ривожланишга эришиш, келажак авлодларга обод манзилларни мерос қолдиришдек эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилади.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбир