Давлатимиз томонидан аҳолининг барча қатламларига, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний имконияти чекланган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига ега бўлиши учун зарур ижтимоий, сиёсий-иқтисодий шарт-шароитларни яратиш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.
Юртимизда ҳозирги кунда 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилмоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонун ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Бу борада, Туризм ва спорт вазирлиги томонидан “2021 йил давомида республика хотин-қизларини саёҳатларини рағбатлантириш чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ, жорий йилнинг 1 августига қадар республика бўйича жами 106.381 нафар ижтимоий кўмакка мухтож, шу жумладан 1205 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун саёҳат дастурлари амалга оширилди.
“Саёҳат барча учун!” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар “Меҳрибонлик” ногиронлар жамиятининг 26 нафар аъзоларидан иборат гуруҳнинг 20-21 август кунлари Бухоро шаҳри бўйлаб саёҳатлари амалга оширилди.
Икки кунлик саёҳат давомида меҳмонлар Бухоронинг Етти Пир зиёратгоҳлари, Ситораи Моҳи-хосса саройи, шаҳарнинг Пойи Калон, савдо тоқлари, Aбдулазизхон мадрасаси, Магоки Aттор масжиди, Тими Aбдуллахон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари бўйлаб ҳам зиёрат, ҳам саёҳат қилишди.
"Бухорода биринчи бўлишим. Болаларим билан ҳам зиёрат,ҳам саёҳат қилишдан жуда мамнун бўлдим. Зиёратгоҳларда дуолар қилдик. Саёҳатимиз ташкилотчиларига мингдан-минг раҳмат. Кўнглимиз баҳра олди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида ташкил қилинган бундай хайрли ишлар бардавом бўлаверсин", - дейди жамият аъзоси, I гуруҳ ногирони Дилбар опа.
Ушбу саёҳат Туризм ва спорт вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда “Clear Light” туристик компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.