Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида эркак 13 ёшли меҳрибонлик уйи тарбияланувчисини зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Олий суд матбуот хизмати мазкур жиноят иши туман судида кўриб чиқилишини маълум қилди.
Таъкидланишича, Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилаётган жиноятларни содир этганликда айбланаётган К. Т.(1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида 7 апрель куни бошланади.
Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши маълум қилинади.
Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.