Жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети “Тилларни ўрганиш” кафедрасининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Қўқон шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, ўзларининг маънавий тадбири орқали тарбияланувчиларга кўтаринки кайфият улашишди. Тадбирда 12-Меҳрибонлик уйи раҳбари А.Хўжақулов, кутубхона мудираси Л.Вахобова, Қўқон шаҳар Минтақа бошлиғи Н.Ғофуров, Қўқон шаҳар қўриқлаш бўлим бошлиғи А.Ҳайдаров ҳамда қатор тарбиячи ва ҳамшира ходимлар иштирок этдилар.
Тадбирга университет профессори Тўлқин Сайдалиев модераторлик қилиб, йиғилганларни истиқлолимизнинг 30 йиллик юбилейи билан қизғин табриклади. Бу ерда тарбияланаётган ўғил-қизларнинг Ватан равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари, бунинг учун мунтазам равишда билим олишлари, мақсад сари олға қадам ташлашлари лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, тарбияланувчилар эътиборига ўзбек адабиёти оламида ўчмас из қолдирган буюк адиблар Абдулла Қодирий, Ўткир Ҳошимов ва Тоҳир Малик ҳаёти ва ижодига бағишланган қизиқарли тарихий фактлар тўғрисида сўзловчи видеороликлар ва альбомлар тақдим этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тадбирга таклиф этилган ёзувчи, адабиётшунос Шеркон Қодирий бобоси Абдулла Қодирий қаламига мансуб асарларнинг яратилиш тарихи, ундаги ҳақиқий ўзбекона образларнинг қай даражада тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги ҳақида сўзлар экан, ўзбек романчилиги асосчисининг миллат шаъни, ғурури ва орини ҳимоя қилиш йўлида чеккан аламли изтироблари тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар тарбияланувчиларни бефарқ қолдирмади. Бу борада баҳс-мунозалар бўлди. Бундай суҳбатдан илҳомланган Меҳрибонлик уйи битирувчиси Азизбек Ҳамдамов сўзга чиқиб, бу йил Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабасига айланганлиги тўғрисидаги хушхабарни айтди. Шунингдек у келгусида етук ҳарбий журналист бўлиш орзуси билан яшаётгани, шу соҳада ўтказилаётган танловларда фаол иштирок этишга тайёлигини билдирди. Тарбияланувчилар орасида талайгина иқтидор эгалари борлиги уларнинг ўзаро мушоирада фаол иштирок этганларида намоён бўлди.
Тадбир давомида ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Тарбияланувчиларга хорижий тилларни интенсив усулда ўрганишни назарда тутувчи методик қўлланмалар топширилди.
Тадбир якунида тарбияланувчилар келгусида янада қизиқарли учрашувлар ташкил этилиши, касб танлаш борасида тажрибали устозлардан маслаҳат олиш зарурати тўғрисида жўяли таклифларни ўртага ташладилар. Қўқондаги фарзандга муҳтож бўлган оилалар ҳамда савобталаб инсонлар томонидан 10 дан зиёд тарбияланувчилар асраб олингани, уларнинг бағри бутун оилаларда яшаётганликларидан болаларнинг мамнун эканликлари барчамизни қувонтирди. Ўйлаймизки, бундай хайрли анъана давом этажак.
Умид қиламизки, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг маънавий жиҳатдан янада юксалишига хизмат қиладиган бундай тадбирлар келгусида ўзининг ижобий натижасини беради.
Оқилжон ЛАТИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
Элмирза ЭРКАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти