Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан пойтахтимиздаги 22-Меҳрибонлик уйига сўнгги русумдаги 14 та тикув машинаси беғараз ёрдам сифатида берилди ва мини цех ташкил этилди.

Бунга қадар Меҳрибонлик уйида тикувчилик тўгараги мавжуд бўлган, аммо бир дона яроқсиз тикув машинасида маҳорат дарслари ўтказилган. Шу сабабли тарбияланувчиларнинг қизиқиши ҳам ҳаминқадар бўлган. Энди янги ташкил этилган тикувчилик тўгараги хонаси болалар энг кўп тўпланадиган жойга айланиб улгурди. Сабаби, улар ҳам касб-ҳунар ўрганиши, ҳам ўзи учун исталган кийимни тикиб олиши, ҳам яхшигина даромад топиши мумкин.

Президентимизнинг шу йил 6 ноябрда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқида ҳам меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтилган: “Маълумки, юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва турар жой билан таъминлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларда яшаётган болаларни оилага яқин муҳитда, билимли ва касб-ҳунарли этиб тарбиялаш учун “Меҳр дафтари” доирасида бошлаган ишларни изчил давом эттириш барчамизнинг бурчимиздир”.

Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тарбия бериш, уларни фан, ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бошланғич ҳарбий тайёргарлик ва спорт билан шуғулланишини ташкил этиш бўйича янги тизим амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган ушбу лойиҳа уларни тадбиркорликка жалб қилишга ҳам ҳисса қўшмоқда. Тикувчилик тўгараги ҳатто ўғил болаларда ҳам қизиқиш уйғотди. Қувонарлиси, тарбияланувчилар орасида дизайнер бўлишни орзу қиладиганлар ҳам бор. Ушбу мини цех улар учун тайёр имконият, ижод лабораторияси вазифасини ўтамоқда. Лойиҳани амалиётга татбиқ қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида Жамоат ишлари жамғармаси ходимлари тикувчилик тўгараги фаолиятини мунтазам кузатиб, ўрганиб, яқиндан кўмак бермоқда.

Шунингдек, соҳа мутахассислари, тадбиркорларни жалб қилган ҳолда, турли учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Ушбу учрашувларда болаларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашилиб, уларнинг ўз мақсадига эришиши учун йўл-йўриқ кўрсатилмоқда. Жумладан, “Намфайз” МЧЖ раҳбари Феруза Мелибоева, якка тартибдаги тадбиркор Умида Султонова, “Нафис маржонлар” МЧЖ раҳбари Нафиса Шаропова, “Файзнур” оилавий корхонаси раҳбари Нодира Бўриеванинг тадбиркорлик ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ёшларни руҳлантирди. Уларнинг фаолияти айнан тикувчилик цехи билан боғлиқлиги сабабли тарбияланувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди. Шунингдек, ёшларнинг кўз ўнгида улар учун турли либослар ҳам тикилди.

— Келажакда банк ходими бўлмоқчиман, аммо тикувчиликни ҳам ўрганяпман, — дейди Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Виктория Ан. — Аввало, бу касбни ўзлаштириб, ўзим учун турли либослар тикишим мумкин. Бу йил мактабни битирамиз, ўқув йили охиригача тикувчиликни мукаммал ўрганиб, битирув оқшоми либосини тикмоқчиман. Балки дугоналаримга ҳам тикиб берарман. Қолаверса, дарсдан бўш вақтда тиккан либосларимиз учун ҳақ ҳам оляпмиз. Уларнинг ҳаммасини жамғариб, келгусида ўз бизнесимни йўлга қўйишим мумкин.

Жамоат ишлари жамғармаси ушбу хайрли лойиҳани биринчи марта синов тариқасида амалга оширди. Натижа эса кутилганидек ижобий. Шу сабабли, энди уни мамлакатимиз бўйлаб амалга ошириш режалаштириляпти. Зеро, ота-она меҳр-муҳаббати, эътиборига муҳтож болаларнинг билимли, салоҳиятли, шу билан бирга, касб-ҳунарли бўлиб вояга етишидан жамият ҳам, давлат ҳам манфаатдор.