Айтиш керакки, бу фильм жанрига кўра на бадиийликка ва на ҳужжатли фильмга тортади. Уни кўпроқ фильм-интервью, десак, адашмаймиз. Аммо тугал фильм-интервью бўлиши учун ҳам битта муҳим жиҳат етишмайди: сиз кадр ортидаги журналистнинг қаҳрамонига бераётган саволларини эшитмайсиз. Бироқ шунга қарамасдан, воқеадан-воқеага, жараёндан-жараёнга ўсиб борадиган динамика, руҳият, таъсирчанлик шу қадар шуурингизни чулғаб оладики, тўртта одамнинг ўзи ҳақида айтиб бераётган гаплари, мураккаб ва тиканли умр йўли, ҳаётдан олган тарбия ҳамда мотивациялари, келган хулосалари бир зум бўлсин хаёлингизни тарк этмайди. Сизни ўйлашга, фикрлашга, мушоҳада юритишга, уларнинг ҳар битта ҳаракатини ақл тарозисида тортиб кўришга ундайди. “Агар мен унинг ўрнида бўлганимда, нима қилган бўлардим?” деган саволни беихтиёр ўзингизга берганингизни билмай ҳам қоласиз.

Энг муҳими, тақдир зарбаларига учраган, йиқилган, имкониятларини бой берган, вақт отлиқ шафқатсиз душманга қарши курашга отланган, қаердадир руҳан синиб қолган, аммо яқинларининг қўллаб-қувватлашлари ва, асосийси, ўзининг иродаси билан яна оёққа турган бу юртдошларимизнинг ҳикоялари ҳар бир ёшга, ҳар қандай инсонга, ҳар битта ота-онага некбинлик, келажакка ишонч ва мотивация бера олади.

Назаримда, “O‘zbekistonlik”нинг олдига қўйилган асосий мақсад ҳам ана шундан иборат бўлган.

Буни фильм қаҳрамонларининг тилидан айтилган қуйидаги сўзлардан ҳам бемалол англашингиз мумкин:

“Орзуйинг қанча қийин бўлса, орзуйингга етиб келишинг ҳам шунча қийин...”

“Менинг бугунги кундаги ютуқларимнинг асосий мезони, бу – мана шу қийинчиликлар...”

“Энг фойдали сабоқни хатоларим орқали чиқарганман...”

“Муаммо ҳар доим бўлади! Муаммодан қочиш керак эмас, уни ҳал қилиш керак!”

“Одам орзусини орзудан мақсадга айлантириши керак!”

Бугун Америка Қўшма Штатларида ўз бизнес-империясини йўлга қўйган Бобур Оқилхонов, сув-оқова тизими бўйича Шимолий Америка қитъасининг энг нуфузли компаниясида меҳнат қилаётган Асқарали Каримов, Гарвард университетини юксак натижалар билан тамомлаб, дунёнинг машҳур молия муассасаларидан бирида ишлаётган Дилшода Эргашева, Швейцариянинг қарийб икки асрлик тарихга эга бўлган UBS банки ижрочи директори сифатида фаолият юритаётган Мадина Исроилова “O‘zbekistonlik” фильмининг илк қаҳрамонлари бўлишган.

Фильм қаҳрамонларининг худди мозаика сингари юксак дид билан териб чиқилган ҳикояларини тинглаб, томошабин битта хулосага келиши аниқ: ривожланишни, юксалишни, кун сайин тараққий топиб бораётган дунё мамлакатлари билан тенгма-тенг бўйлашини чинакамига истасак, бугун барча эътиборимизни ёш авлод тарбияси ва таълимига қаратишимиз зарур!

Бу хулоса мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ва “Учинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияларига асосланган давлат сиёсатининг нақадар тўғри танланганини исботлайди.

Фильмни томоша қиларканман, бир жиҳат алоҳида эътиборимни тортди. Бу асар қаҳрамонларининг касб-кори ва мутахассислиги, ҳаётга қараши билан чамбарчас боғлиқ. Қаҳрамонлар шундай танланганки, уларнинг тимсолида ўтмиш билан келажак, кеча билан бугун ягона чизиқда туташади. Яъни фильмни жиддий аҳамият бериб кузатган киши Бобур Оқилхонов қиёфасида бугунги ахборот асрига, ахборот технологияларига пойдевор бўлиб хизмат қилаётган алгоритм асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмийни, Асқарали Каримов шахсиятида замонавий Миср тараққиётига ҳам хизмат қилаётган нилометр ускунаси яратувчиси Аҳмад ал-Фарғонийни, Дилшода Эргашеванинг руҳиятида Темурийлар салтанатининг энг ҳурматли маликаси Сароймулкхонимни, Мадина Исроилованинг характерида эса Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегимни кўриши табиий.

Бу якдиллик бизнинг илмли, уйғоқ миллат сифатидаги илдизимиз ғоят чуқурлигини, “O‘zbekistonlik” атамаси мустаҳкам тарихий асосга эга эканини билдиради. Назаримда, фильм ижодкорлари ўз олдиларига ана шундай эзгу мақсадни қўйишган ва якунда, айтиш мумкинки, бу ўзини тўла-тўкис оқлаган.

Фильм-интервью, бир қарашда, мотивациявий руҳиятга эгадек туюлса-да, бироқ унда киши кўнглини бир оз хира қиладиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Ва энг асосийси, фильм қаҳрамонлари кўрсатиб ўтган хатоларни тўғри қабул қилиш бизларга уларнинг ечимларини топиш имкониятини ҳам бериши, шубҳасиз. Масалан, Бобур Оқилхоновнинг Ўзбекистонда кучли дастурчиларнинг йўқлиги ахборот технологиялари соҳасида ўсишга эришишда оқсаётганимизга сабаб бўлаётгани ҳақидаги фикри бу борада аҳамият қаратилиши керак бўлган камчиликлар борлигини кўрсатади.

Асқарали Каримовнинг “Соат кечки бешдан кейин қишлоқда аёллар пақир кўтариб кўчага чиқади. Оғир флягаларни кўтариб чиқади. Эркак киши чиқмайди сувга қишлоқда... Йиғлаворишгача борган одам! Нимага? Сен сув соҳасида ўқигансан, аммо маҳаллангда сув йўқ! Онанг, сингилларинг, опаларинг оғир бидонларни суриб бир-икки километр нарёқдан сув ташиб келишади... Бу ёмон таъсир қилади одамга. Нимагаки, мен шу соҳада жаҳон талабига жавоб берадиган илмга эгаман-да, уйимда сув йўқ...” деган сўзлари эса ҳар қандай кишини чуқур ўйга толдириши табиий.

Тан олиш керакки, шу пайтгача “ўзбекистонлик” деган атама ташқи дунёда бизга кўпроқ салбий қарашларига сабаб бўларди. Қолаверса, ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳам яқин хорижга, асосан, арзон ишчи кучи бўлиб боришини ҳеч ким инкор этолмайди. Бундан 10 йиллар муқаддам эса гастарбайтер деганда ўзбекни, ўзбек деганда гастарбайтерни тушунилган даврларни ҳам кўрдик. Таассуфланарлиси эса, бизга қўшни айрим давлатлар статистикасида келтирилган баъзи бир салбий маълумотларда ҳам айнан ўзбекистонликлар “пешқадам” эканликларини кўп кузатганмиз. Масалан, ўз яқинларини мўмай даромад илинжида четга қул қилиб сотиб юборганларнинг кўпи ўзбекистонлик, фирибгарлар ва бошқа жиноятларга мойилларнинг асосий қисмини ҳам ўзбекистонликлар ташкил этиши ҳақидаги маълумотлар ҳар қандай ақли расо одамнинг ўзини таништирганда “Ўзбекистонлик” дея баралла айтишига халал берарди.

Бироқ “O‘zbekistonlik” фильми, менинг назаримда, бу каби стереотипларга чек қўйишда муҳим қадам бўлди.

Шахсан ўзим бу фильмни кўргач, ўзбекистонлик эканимдан ғурурландим!

Фикри ожизимча, мазкур кинокартина томошабинга иккита хулосани беради.

Аввало, четга арзон ишчи кучи – гастарбайтер бўлиб бормаслик, унинг ўрнига илм олиш, замонавий касбларни эгаллаш зарур. Бинобарин, меҳнат мигранти бўлиб четга чиқилганда ҳам, билимли ва малакали мутахассис сифатида узоқ хорижга бориш ҳамда ўша ерда янада ўсиб, ривожланиб, Ўзбекистон тараққиётига ҳам ҳисса қўша оладиган даражага етиш учун ҳар бир инсонда имконият бор.

Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчхонаси кўмагида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси ва “Менинг юртим” телеканали ҳамкорлигида тасвирга олинган мазкур фильм режиссёрлари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Аҳмедов ва ёш кинорежиссёр Мухлиса Азизовадир. Бош оператор Жаҳонгир Ибрагимов. Бош продюсер Ойбек Абдушукуров. Лойиҳа муаллифи Алишер Саъдуллаев.

12 март куни телевидение ва ижтимоий тармоқларда илк тақдимоти бўлиб ўтган “O‘zbekistonlik” фильми Youtube платформасида шу кунга қадар қарийб 200 минг маротаб томоша қилинди. Бу ҳам унга нисбатан қизиқишнинг нақадар катта эканини кўрсатади.

Дарвоқе, фильмни томоша қилишни истаганлар уни https://www.youtube.com/watch?v=xfCFnOcXebw манзили орқали кўришлари мумкин.

 

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ,

санъатшунос-журналист.