Бу йилги 8 декабрь санаси мен ва оилам учун унутилмас кун бўлди. Юртимизда кечиримлилик, бағрикенгликни қамраган қонунчилик ислоҳотлари, инсон омилига қаратилаётган эътиборнинг натижасини ўз мисолимда кўриб турибман.

Наманган шаҳрининг «Беруний» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан. Юртбошимизнинг фармони билан куни кеча афв этилган 104 нафар фуқаро қатори мен ҳам ҳозир уйдаман. Хонадонимга Наманган шаҳар мутасаддилари - меҳнат, тиббиёт, ички ишлар ва диний идора вакиллари келиб, ҳолимдан ва шароитимдан хабар олишди, кўнглимни кўтаришди. Тезроқ тикланишим ва молиявий жиҳатдан қийналмаслигим учун давлат томонидан ажратилган моддий ёрдам пулини бериб кетишди. Эртага эса соғлигимни назоратдан ўтказиш ва мустаҳкамлаш мақсадида имтиёзли тиббий кўрикка бораман.

Тўғриси, бунчалик ғамхўрликдан ҳаяжондаман, хижолатдаман ва қарздорман. Муносиб ойлик асосида иш таклиф қилишди. Янги йилгача бироз дам олиб, яқинларим бағрида кўпроқ бўлмоқчиман, чунки уларни жуда соғинганман, байрамни кўтаринки руҳда нишонламоқчимиз. Ҳа, янги йилдан янги ҳаётга қадам ташлайман. Январь ойи бошидан иш жойига бориб, кучим етганича жамиятга фойдам тегиши, амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик жараёнларига камарбаста бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Инсон ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадри устувор бўлган тинч диёрда ёшаётганимдан, шахсимга билдирилган ишончдан ғоят хурсандман!

Ҳудудимизда кўп ижобий ўзгаришлар бўлибди. Ҳамма фойдали юмуш билан машғул, дунёнинг ширин ташвишлари ва яхши яшаш билан андармон, ёши улуғларимиз дуода. Ҳаётда қайта қоқилмаслигим ва мени атрофдагилардан алоҳидалаб қўймаётганликлари, самимий муносабатда бўлаётганликлари, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганликлари учун жамики раҳбарлардан, қўни-қўшнилардан, синфдошу устозларимдан, ёру биродарларимдан чексиз миннатдорман. Мени чиройли кутиб олган ва бизга меҳр-оқибат кўрсатаётган барчадан беҳад мамнунман. Йиқилганни суяш ва адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби азалий қадриятларимизнинг амалий ифодасидан қанчалик таъсирланаётганимни ўзим биламан.

«Янги Ўзбекистон» газетаси мухбири

Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.