Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг иккинчи босқичига 2025 йил 15 декабр куни старт берилган бўлиб, 10 январга қадар лойиҳаларни шакллантириш ва саралаш ишлари олиб борилган. Овоз бериш босқичи эса 11 январдан 20 январь куни соат 23:59 га қадар давом этади.
2-босқич доирасида 3- ва 5-тоифага киритилган 96 та туманда жойлашган 5104 та умумтаълим мактаби иштирок этмоқда. Шунингдек, 1-босқичда ғолиблар аниқланмаган 36 та мактабга жорий йилги иккинчи босқичда қайта иштирок этиш имконияти берилган.
Лойиҳа шартларига кўра, 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар ўзлари таълим олаётган мактабга оид лойиҳаларни таклиф этиши ҳамда ушбу ташаббуслар учун овоз бериши мумкин.
«Менинг мактабим» лойиҳаси умумтаълим муассасаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган очиқ платформадир. Унда мактаб инфратузилмаси, таълим сифати ва ўқув муҳитини яхшилашга қаратилган амалий ғоялар қабул қилинади. Лойиҳа доирасида энг долзарб, инновацион ва амалга оширишга тайёр таклифлар сараланиб, мукофотланади.
Лойиҳанинг асосий мақсади — мактабларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ҳамда ўқувчиларни таълим жараёнининг фаол иштирокчисига айлантиришдан иборат.