Бугун республикамизнинг 9 та ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Нотариал палатаси  “Юксалиш” умуммилий ҳаракати билан ҳамкорликда эълон қилинган “Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” шиори остидаги икки кунлик акцияга старт берилди.

Мазкур акция доирасида  бугуннинг ўзида 56 та локацияда нотариуслар томонидан аҳолига бепул маслаҳатлар берилди.

Хусусан, Навоий вилоятида акция Навоий шаҳридаги  Илм-маърифат боғида кўтаринки кайфиятда ташкил этилиб, нотариуслар ва фуқароларнинг учрашувлари бўлиб ўтди.  

Тадбирда Нотариал палатанинг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда   “Юксалиш” УМҲ вилоят бўлинмаси раҳбар ва масъул ходимлари,    Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар  иштирок этишиб, фуқароларга мерос масалалари, никоҳ шартномаси, эр ва хотиннинг умумий мулки, турар-жойларни хусусийлаштириш ва ундан фойдаланиш, вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, алимент ундириш, алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаш каби масалалар юзасидан маслаҳатлар беришди.

Бугунги тадбирларда жами мингдан зиёд фуқаро ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан  бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олдилар.

Акция тадбирлари эртага, 23 август куни  6та ҳудуд - Тошкент шаҳри, Жиззах, Андижон, Қашқадарё, Сирдарё ҳамда Хоразм вилоятларида давом этиб, нотариуслар фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар беради.

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг Нотариал палатага бағишланган бобида “аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш белгилаб қўйилган.

Ўтган 3 йил ичида Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда “Нотариус маслаҳати” газетаси 3 бора Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фондининг грант танловларига аҳолига бепул ҳуқуқий кўмак кўрсатиш борасидаги лойиҳалари билан иштирок этиб, грант ғолиби бўлди. Ушбу лойиҳалар доирасида 7 та акция ўтказилди ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган ушбу акцияларда минглаб фуқаролар қамраб олинди.