Леонель Месси ҳаётининг ва футболчилик фаолиятининг асосий қисми “Барселона” клуби билан боғлиқ. Айни пайтда эса у Парижда яшаб, ПСЖ шарафини ҳимоя қиляпти. Лекин унинг Барселонани қўмсаётигани ҳақиқат.
El Chiringuito нашри журналист Эдуардо Инданинг мақоласини чоп этди.
“ПСЖ ҳужумчиси Лионель Месси Хавига қўнғироқ қилиб, “Барселона”га қайтиш имконияти ҳақида сўради.
Мессининг Хави билан муносабати яхши, улар биргаликда кўплаб совринларни қўлга киритишган. Лео ўзини Парижда ноқулай ҳис қилмоқда. У дастлаб бир неча ой меҳмонхонада яшади, унинг оиласи ҳали ҳам Франциядаги ҳаётга мослашмаган”, деб ёзади журналист.
Мақолада айтилишича Хави Леонинг қўнғироғидан хурсанд бўлган. Агар қайтмоқчи бўлса, клуб президенти Жоан Лапортанинг ўзи билан гаплашиши лозимлигини айтган.
Маълум бўлишича, Лапорта ҳозирча Мессига қўнғироқ қилмаган. Ҳужумчи клубдан кетгач улар ўртасидаги муносабатлар бироз таранглашган.