Аммо иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай ишласангу маошдан дарак бўлмасачи?

«Олот нефть ва газ қидирув экспедицияси» масъулияти чекланган жамиятининг ишчи-ходимлари ана шундай муаммога дуч келдилар. Бир эмас, бир неча ой давомида маош ололмай қийналиб қолишди. Бундай ҳолда одамнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши мумкинми?!

Иш охир-оқибат судгача етиб борди.

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган, — дейди Мажбурий ижро бюроси Олот туман бўлими давлат ижрочиси Анвар Йўлдошев. — Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган шартларга мувофиқ, кўрсатилган муддатда тўлаши шарт.

Бу ҳақда тўхталишимиз бежиз эмас. Бўлимимиз иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг тегишли ижро ҳужжати келиб тушди. Унда қарздор «Олот нефть ва газ қидирув экспедицияси» масъулияти чекланган жамиятидан 690 нафар ишчи-ходимнинг 4 миллиард 52 миллион 426 минг сўм миқдоридаги иш ҳақини ундириш ҳақида сўз боради. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларга маошлар тўлиқ ундириб берилди.

Истам Иброҳимов