Тадбир иштирокчилари дастлаб Мажбурий ижро бюросининг Наманган туманлараро ихтисослаштирилган бўлим фаолияти билан яқиндан танишдилар. Дарҳақиқат, ҳозирда бу янги бўлимда ижро ҳужжатларининг соддалаштирилган тарзда ижросини таъминлаш, маъмурий жарималар, солиқ қарзини ва давлат божини ундириш бўйича ундирув қарздорнинг яшаш жойига ёки мол-мулки турган жойга бормаган ҳолда ахборот коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан масофадан туриб амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги олдини олган ҳолда тўловларни қарздор фуқароларга бўлим томонидан юборилган хабарномада кўрсатилган ID рақамларига «Электрон тўлов тизимлари орқали» масофадан тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилган. Бўлимда ишлаётган ҳар бир давлат ижрочиси қарздорга «Call Center» орқали боғланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиб боришмоқда. 12 нафар давлат ижрочилари томонидан қисқа вақт ичида 1 минг 272 та 480 млн. сўмлик ижро ҳужжатлари амалда тамомланди.
Шундан сўнг журналист ва блогерлар билан матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда бошқарма бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов Бюронинг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлар томонидан жорий йил 5 ойида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди. Хусусан, кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 1 трлн. сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланган.
Янги тартибга кўра, жиноий зарар, давлат божи, жиноий ва маъмурий жарималар ҳамда давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлардан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармаларига 12,9 млрд. сўм ундирилди. Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимидаги 25 минг нафар алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар билан «онлайн» режимда танишиб бориш имкони яратилди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига
32,1 млрд. сўмлик алимент пуллари ундириб берилиши таъминланди.
Ишсиз алимент тўловчиларнинг 937 нафари ишга жойлаштирилган, 2 минг 328 та оилани яраштиришга эришилган. Алимент қарзини тўламаган қарздорларнинг 19 нафари жиноий ва 402 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 25 нафар шахс ишга тикланган, тўланмай қолган 2,3 млрд. сўмлик иш ҳақи ундирилган.
Матбуот анжумани давомида қатнашчилар соҳага оид саволларга атрофлича жавоб олишди. Тадбир якунида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакилларига бошқарманинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири