Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари тез-тез қулоққа чалинади. Бюро давлат ижрочилари суд ва бошқа  орган қарорларини ижро этиш орқали фуқаролар ёки жамият манфаатини ҳимоя қилади. Бироқ, фуқароларимиз қарздорликларини бартараф қилиш ўрнига  давлат хизматчиларига кўл кўтариш орқали масалани ўз томонига ҳал қилиш мумкин деб ўйлайди. Аслида ундай эмас, давлат  хизматчисининг қонуний ҳаракатига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд.

МИБ Ғиждувон туман бўлими давлат ижрочиси Я. Холиқов ва У. Эргашевлар қарздор “Trans Atlas” МЧЖдан 28 миллион 409 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги Ғиждувон туман Давлат солиқ инспекциясининг ижро ҳужжати юзасидан 2021 йил 10 мартда чиқарилган қарор билан таништириш, шунингдек, қарорга асосан қарздорнинг мол-мулкларини кўздан кечириб, хатлаш ижро ҳаракатларини ўтказиш мақсадида МЧЖ раҳбари С.Аслоновнинг яшаш манзилига борганида қарздор ўзини носамимий тутиб, давлат ижрочиси Я.Холиқовни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят иши судга юборилган. Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг ҳукмига кўра С. Аслонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Бобиржон Нуров,

МИБ Бухоро вилоят бошқармаси катта инспектори