Бу ҳақда Президентнинг “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Департамент жисмоний шахсларнинг қуйидаги марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади:
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумотлар;
- идентификaцияловчи ID карта серияси, рақами, берилган жойи ҳамда берилган санаси ва тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистонга таклиф қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги, шунингдек, уларнинг виза муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
2026 йил 1 сентябрдан қуйидаги давлат хизматларини ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш имконияти яратилади:
- хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш;
- фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш.