Фуқаро С.Очилов 2021 йил ойида маиший техника олиш учун  “Ипотекабанк” АТИБ Навоий шаҳар филиалига кредит сўраб мурожаат қилган. Банк томонидан ажратилган 24 000 000 сўм тегишли тартибда Навоий шаҳри Навоий кўчасида жойлашган “TEXNO SHIVAKI NAVOIY” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилади, аммо...

2021 йили 10 апрелда тузилган 36-сонли шартномада фуқарога 2 дона 32 диагоналли ҳамда 3 дона 49 диагоналли телевизор, 1 дона чангюткич — жами 24 000 000 сўмлик товарни етказиб бериш тартиби белгиланган бўлса-да, етказиб берувчи ташкилот шартнома шартларини қўпол бузиб, истеъмолчига билдирмасдан ушбу товарларни ўзаро тил бириктириб бошқа бир шахсга бериб юборган.

Истеъмолчи МЧЖ савдо дўкон масъул ходимига юқорида кўрсатилган товарларни беришини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган бўлса-да, ҳар хил баҳоналар билан шартнома талаблари бажарилмай қолаверган...

Истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан киритилган даъво аризаси 2022 йил 1 июль куни Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди томонидан кўриб чиқилди ва ҳал қилув қарорига асосан ариза қаноатлантирилди.

Жавобгар “TEXNO SHIVAKI NAVOIY” МЧЖдан фуқаро С.Очилов фойдасига 2 дона 32 диагоналли ҳамда 3 дона 49 диагоналли телевизор, 1 дона чангютгич, шунингдек, 1 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундириб берилди, дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.