Мурожаатномада халқимизни қувонтирган янги ташаббуслар, хулосалар, ҳатто одамнинг ақлини шоширадиган хушхабарлар янгради: “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик”, “Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”, “2030 йилда эришиладиган маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша оламиз”, “Саноатда “Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш” дастурини бошлаймиз”, “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилади”, “2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз”, “Ўзбекистон тарихида илк бор космик сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек космонавти фазога учирилади”, “Мирзо Улуғбек бобомиз бундан олти аср муқаддам инсоният учун юлдузлар харитасини яратган эди. Бугун эса биз ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасини яратишимиз лозим” кабилар шулар жумласидандир.
Эришилган натижалар салмоғи, янги ғоя ва ташаббусларнинг кўлами, муддати, шиддати халқимизнинг завқига завқ қўшмоқда. Буни ижтимоий тармоқларда, тўй-томоша, кўча-кўйда, ОАВда одамлар очиқ айтаяпти. Қолаверса, бу натижа, ташаббус ва янгиликлар мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онги ва қалбига жойлаш ҳар бир зиёлининг муҳим вазифасидир.
Йил номининг меҳригиёси
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши халқчил сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Йил номида чуқур маъно мужассам. Таҳлил қилсак, бу ном янги Ўзбекистон тараққиётининг чуқур маънавий-ижтимоий маъносини очиб берувчи концептуал код, механизм эканлигини кўрамиз.
Маҳалла сўзи араб тилидаги “маҳал”, яъни жой, маскан, тураргоҳ дегани. Бу сўз одамлар яшайдиган жой, қўни-қўшничилик асосида шаклланган жамоа, ўзаро таниш, қадрдон одамларнинг ўзаро масъулият ва бирдамлик макони деган маъноларни беради. Қисқаси, маҳалла бу — жамиятнинг маънавий-ижтимоий ҳужайраси. Демак, ривожланиш ва юксалиш ҳужайралардан бошланади.
Ривож сўзида (раважа) — ўсиш, кенгайиш, мукаммаллашиш деган маънолар бор. Ривожлантириш эса маҳаллалардаги барча салоҳиятни очиш, сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, тизимли ва барқарор такомиллашув, дегани. Бу ерда гап маҳалланинг фақат инфратузилмасида эмас. Гап маҳалладошларнинг ижтимоий фаоллиги, иқтисодий имкониятлари, маънавий муҳитини ривожлантириш ҳақида кетмоқда.
Жамият сўзи “жам” — йиғиш, бирлаштириш деган маъноларни беради. Жамият — одамлар, элимиз, халқимиз. “Жамият” сўзининг мақоми “аҳоли” сўзидан баланд. Аҳоли бу одамларнинг статистик йиғиндиси деб қарасак, жамият — умумий мақсад, қадрият ва масъулият атрофида бирлашган аҳил одамлар уюшмаси. Шу боис, жамиятнинг кучли ёки заифлиги унинг ҳужайралари — маҳаллаларга бевосита боғлиқ.
Юксалиш эса ўсишдир, лекин оддий ўсиш эмас. Бу — руҳий, маънавий, ижтимоий-иқтисодий камолот сари юқорига кўтарилиш демак. “Жамиятни юксалтириш” деганда, инсон қадри устувор бўлган муҳит, адолат, қонун устуворлиги, фаол фуқаролик позицияси, маънавий баркамол авлод назарда тутилади. Демак, жамиятнинг юксалиши одамларнинг билим, феъли, компетенциялари, ақли ва хулқидаги ўзгаришлардан бошланади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ақл ила олам юзин обод қил, Хулқ ила одам элини шод қил”, деган ҳикмати 500 йилдан сўнг давлатимиз сиёсатининг тамойилига айланди.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деган номда сабаб-оқибат занжири жуда аниқ кўринади. Яъни агар маҳалла ривожланса, жамият жипслашади, жамият жипслашса — янги Ўзбекистон барпо бўлади.
Бунинг учун давлатимиз сиёсати шундай стратегик тамойилни илгари сурмоқда: ислоҳотлар юқоридан пастга эмас, балки пастдан юқорига — маҳалладан жамиятга қараб амалга оширилади. Яъни янги Ўзбекистон пойтахтда эмас, қуйидан — маҳалладан бошланади. Тараққиёт деганда фақат иқтисодни эмас, маънавий юксалишни, кучли иқтисодиётга баробар кучли маънавиятни тушунишимиз керак. Чунки жамиятни юксалтириш фақат давлатнинг иши эмас, умуммиллий масъулият. Мана шу умуммиллий масъулиятни тарбия ва тарғибот орқали қанчалик тез ва соз, натижали амалга оширсак, маҳалла ривожланади, маҳалла ривожланса — жамият юксалади.
Мурожаатномада миллий бирлик, ҳамжиҳатлик, Ватан манфаати бош ғоя сифатида янгради. Барчани бирлаштирадиган ягона мақсад — халқ ва Ватан манфаати экани алоҳида урғуланди. Бу эса, албатта, жамиятни бирлаштиради. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ўтказган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоиздан кўпроғи “Мен маҳалламнинг бир қисмиман”, дегани ҳам бу фикрни тасдиқлаб турибди.
10 саволга жавобингиз қандай?
“Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик”. Бу фикр ортида жуда катта орзулар, машаққатли меҳнат, илм ва тажрибалар турибди. Нега? Чунки ислоҳот — мавжуд ҳолатни тубдан яхшилаш, эски, самарасиз усуллардан воз кечиб, янги, илғор механизмларни жорий этиш, дегани. Лўнда қилиб айтганда, мақсадни натижага айлантиришдир. Бу эса барча соҳаларда ислоҳотлар Президентимиз таъкидлаган “Ҳар бир соҳанинг илми бор. Илмга асосланмаган соҳанинг келажаги йўқ”, деган илмий принцип асосида ташкил этилаётганини кўрсатади.
Гап, сўз, фикрлар одамларнинг кайфиятига қараб ўзгариб туриши мумкин. Лекин рақамлар ҳаққоний, ўжар, бирсўз бўлади. Мурожаатномада халқимизнинг турмуши, кайфияти, динамикаси аниқ факт ва рақамларда намоён бўлди. Миллионлаб аҳолининг иш билан таъминланиши, камбағаллик даражасининг кескин пасайиши, минглаб маҳаллаларнинг “камбағалликдан холи” ҳудудга айланиши ўз-ўзидан бўладиган ишми? Йўқ, албатта. Бу натижаларда давлатимиз сиёсати марказида “инсон қадри” тургани яққол намоён бўлди.
Президентимизнинг “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик”, деган фикрида: “ислоҳот натижа бериши керак — натижага эришдик — тажриба тўпладик”, деган ифтихоримиз бўй кўрсатмоқда.
Азиз ватандош, келинг, мана бу 10 та оддий, жайдари, содда саволга “ҳа” ёки “йўқ” жавобларидан бирини беринг:
1. Шаҳарларимиз жамоли ўзгариб, қишлоқларимиз шаҳарга ўхшаб боряптими?
2. Янги корхоналар, савдо ва сервис масканлари очиляптими?
3. Мактаб, боғча, шифохоналар қуриляптими?
4. Кўчалар асфальтлашиб, автомашиналаримиз кўплигидан йўлларга сиғмаяптими?
5. Хизматлар рақамлашиб, ақлимизни шоширяптими?
6. Давлат хизматчилари маҳалламиз, хонадонимизгача кириб келяптими?
7. Юртдошларимизнинг диний амалларни бажариши, зиёрат ва саёҳатга бориши учун барча шароитлар яратилганми?
8. Исрофгарчиликка қарши бошлаган маромийлик миллий-маърифий ҳаракатимизга сабаб ҳам аслида, одамларимизга топган бойлигини исроф қилмасликни ўргатиш эмасми?
9. Буларнинг ҳаммаси одамларимизда турмушидан орттирган пул, маблағи кўпайиб бораётганидан далолатмасми?
10. Буни кўриш учун расмий ҳисобот шартми ёки атрофга холис назарнинг ўзи етарлими?
Ишончим комилки, аксарият саволга ҳа, деган жавоб бўлди. Бу саволларни давом эттириш мумкин. Уларга берган ҳар бир холис жавобимиз биздаги розиликни, шукронани ошириб боряпти. Ушбу ҳақиқатнинг боиси, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўрганганимиздан деб ўйлайман.
Кутмаймиз, яратамиз
“Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”. Ушбу сатрларни ўқиганда халқимиз бошқаларга эргашган эмас, эргаштиргани эсга тушади. Беихтиёр Ғафур Ғуломнинг “Тақдирин қўл билан яратар одам, Ғойибдан келажак бахт бир афсона”, деган сатрлари эсга тушади. Ва албатта, ҳар биримиз ишга бораётганда, енгил автомобилимиз, замонавий автобуслар ойнасидан ҳар куни кўриб-кузатаётган ўзгаришларни эслаймиз.
Мурожаатномада таълим ва ёшлар тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўқувчи ва талабаларимизнинг халқаро олимпиадаларда қўлга киритаётган ютуқлари миллат келажаги билимли, рақобатбардош авлод қўлида эканини кўрсатди.
Бунга қандай омиллар сабаб? Аввало, мамлакатимизда таълим тизимига жаҳоннинг энг зўр технологиялари модификация қилинаётгани, “Узлуксиз маънавий тарбия” концепцияси амалга оширилаётгани ва кўплаб инновациялар замин бўлмоқда. Ёшларимизга Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби муҳим фазилатлар билан бирга, XXI аср кўникмалари ўргатилмоқда. Кучли маънавиятли авлодни етиштиришнинг 30 ёшгача индивидуал ва дифференциал технологияси амалга оширилмоқда.
Бошқача айтганда, тарбия ва таълимда Президентимизнинг “биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”, деган ғояси амалга ошмоқда. Мурожаатнома маънавият ва маърифат, таълим ва тарбия ходимлари учун ҳам янги концепция, модель, дастурлар, илмий қўлланмаларнинг методологик манбасидир. Ундаги “Албатта, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш” ҳақидаги дастурий фикр маънавият ва тарбия назарияси, методикаси учун модернизация манбаидир. Яъни маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар назарияси “бугунги мураккаб замон” талабларига мос бўлиши керак.
Бунинг учун нима қилиш кераклиги Мурожаатномада аниқ-тиниқ қилиб берилди: “ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш” керак. Нима учун? Чунки замон мураккаб. Ёшларимиз мураккаб савол, вазиятларда тўғри қарор қарор қабул қилишга ўргатилмаса, алданади, адашади. Ўзларини ҳам, уларни асраб-авайлаб ўстирган ота-оналарини ҳам ғам-ғуссага ботириб қўйиши мумкин. Афсуски, бундай мисоллар ҳаётимизда учради.
“Турли синовларга чидамли ёшлар” — бу ҳаётда учрайдиган гиёҳвандлик, диний радикализм, нигилизм, беватанлик ғоялари таъсирида синмайдиган, балки синдирадиган ёшлар. “Чидамли”, деган сифат ҳаммада ҳам бўлавермайди. Чунки ушбу сифат туғма эмас — ўргатиш-ўрганиш натижаси. Агар бу сифат, фазилат, компетенция атайлаб ўргатилмаса, ўғил-қизларимиз ўрганмаса, улар мўрт, бўш, қалқийдиган бўлиши мумкин. Президентимиз Мурожаатномаси ана шундан бизни огоҳлантирмоқда.
Биз тарбиячилар, педагог-ўқитувчилар, маънавият ходимлари Мурожаатномани гавҳардек безаб турган “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик”, деган фикрдан куч олиб, тарбиявий натижани ошириш учун илмий-методик инновацияларга киришишимиз керак. Ана шунда мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимида узлуксиз маънавий тарбия жараёни “бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш” билан т а к о м и л л а ш а д и . Ёшларимиз хулқида мустаҳкам
Учинчидан, халқимизга чексиз муҳаббат, унинг салоҳиятига берилган юксак баҳо бор. Шунингдек, халқимизнинг Президентимизга, давлатимиз раҳбарининг халқимизга мустаҳкам ишончи мужассам. Ана шунинг учун бугунги Ўзбекистон бу — кутувчи давлат эмас, яратувчи, проактив давлат. Биз ўзгаришларни ташқаридан эмас, ўз ақл-заковатимиз, меҳнатимиз ва бирдамлигимиздан излаяпмиз ва топяпмиз ҳам.
Хуллас, Президентимиз айтган “2030 йилда эришиладиган маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша оламиз”, деган фикр ўзидан кучли маънавий энергия таратмоқда. Демак, халқимиз бирдам, мақсади аниқ экан, вақт ҳам бизга ета олмайди.
Инновацион хабга айланамиз
Ўзбекистон азалдан Буюк ипак йўли маркази, савдо, билим, ҳунар, тажриба ва илмий ҳамкорлик йўллари кесишган марказ — хаб бўлиб келди. Натижада бу ўлкада одамлар, ғоялар, технологиялар, ресурслар бирлашди. Фан, маданият, иқтисодиёт, ҳунарлар бирлашиб, янги маънавий, моддий қийматлар яратилди.
Дунёга довруғи таралаётган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бунга мисол. Жаҳон сиёсати дарғалари Самарқандга қайта-қайта талпинаётгани бунга мисол. Булар Ўзбекистоннинг нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон сиёсатининг хабига айланганининг тасдиғи эмасми?! Мурожаатномада яна бир тарихий ташаббус ўртага ташланди: “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилади.
Бу ибора янги Ўзбекистон тараққиёти тарихида стратегик бурилиш нуқтаси сифатида янгради. Нега деганда, тўртинчи саноат инқилоби (Industry 4.0) — ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқарув соҳаларида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштириш асосида юзага келган туб ўзгаришлар даврининг номи. У ақлли тизимлар орқали ҳамма соҳада самарани кескин оширишдир. Бошқача айтганда: “Ақл ила олам юзин обод қилиш” (Алишер Навоий).
Тўртинчи саноат инқилоби дунёқарашдаги ўзгаришдан бошланади. У таълим-тарбиядан сифат, ёшлардан билим, тадбиркорлик компетенцияларини, стартапларни талаб қилади. Бунинг учун Президентимиз қарори билан ташкил этилган Қори-Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида бизнес педагогика деган янги фан соҳасига асос солинди. Бу бежиз эмас, чунки мана шу инновацион йўлни танлаган мамлакатлар келажакни бугунга келтириб, келажакда яшамоқда.
“Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилиши нега бунчалар муҳим? Чунки бу мамлакатимизга хомашёдан инновацияга ўтиш, ёшлар учун юқори маошли, замонавий касбларни эгаллаш, “таълим-тарбия — илм- фан — ишлаб чиқариш” кластерини беради. Мамлакатимизга минтақавий инновацион хабга айланиш имкониятини ҳозирлайди.
Мурожаатномадаги ушбу фикрда буюк маҳобат, юксак руҳ бор. Биринчидан, Ўзбекистон келажакни кутмаяпти, уни қуряпти. Келажакни бугунга келтиряпти. Президентимизнинг бу ташаббуси Ўзбекистон бу жараёнларга томошабин сифатида эмас, фаол иштирокчи, минтақавий етакчи сифатида кириб бораётганини англатади.
Очилажак марказ бу — ёшлар учун янги билим, замонавий касб, халқаро тажриба, юқори маошли иш ўринлари дегани. Президентимизнинг ушбу ташаббусида “Ёшларимиз дунёда тайёр технология истеъмолчиси эмас, балки технология яратувчиси бўлиши керак”, деган юксак ишонч мужассам.
Янги Ўзбекистон қиёфаси
“2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз”. Мурожаатномада айтилган ушбу фикр бизни энг орзиқиб, интиқиб кутаётган манзарани тақдим қилди. Бу иборада янги Ўзбекистон қиёфаси мамлакатнинг ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонида, ҳар бир инсон ҳаётида кўриниши керак деган қатъий ирода мужассам.
Бунинг учун тараққиётни марказдан маҳаллага тушириш, ислоҳотлар маҳаллага, одамлар олдига бориши керак деган ҳикмат бор. Чунки янги Ўзбекистон қиёфаси фақат пойтахтда эмас, балки энг чекка маҳаллаларда ҳам яққол кўриниши лозим. Бу — тараққиётни ҳудудларга тенг тақсимлаш тамойилининг тантанаси бўлади.
Яна бир гап. Бу ерда гап фақат йўл, уй-жой, электр энергияси таъминоти ёки ободончилик ҳақида кетаётгани йўқ. Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфасини намоён қилади. Бу меҳр-оқибатли, адолатли муносабат, инсон қадри устувор бўлган муҳит, ишли, даромадли одамлар, маънавий ва жисмоний соғлом одамлар, каттага ҳурмат, кичикка иззат демакдир. Демак, бу қиёфа ўй ва сўзларимизда, хулқ ва муносабатларимизда ҳам бир хил намоён бўлиши керак. Зеро, Мурожаатномадаги “барча туманлар, барча маҳаллалар”, деган ибора “ривожланган” ва “ортда қолган” деган фарқларни йўқ қилишга қаратилган.
Президентимиз Мурожаатномаси ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасининг улуғ марраларини белгилаб берди. Энди ҳар биримиз ўзимиздан сўрайлик: бу жараёнда мен кимман: томошабинми ёки иштирокчи?
Иштирокчиман деб енг шимарайлик. Ана шунда бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқариб, юртимизни меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, фаровонлик, бахт масканига айлантирамиз.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
институти директори ўринбосари,
педагогика фанлари доктори, профессор