Бу табаррук заминда улуғ зотлар қаторида жорий йил қутлуғ 140 йиллик таваллуди нишонланаётган биринчи ўзбек профессори, тарихчи олим, маҳоратли таржимон ва оташнафас адиб Абдурауф Фитрат ҳам камол топган.
Адиб номи билан аталувчи Фитрат кўчаси бўйлаб юрар эканман, атрофнинг файзу таровати ўзгача эканини ҳис қилдим — гўё маърифатпарварлик руҳи ҳалиям бу масканда кезиб юргандек. Хушҳаво Фитрат боғига қадам қўйганимда эса мажнунтоллар шивирида шоирнинг оташин шеърлари қайта акс садо бераётгандек бўлди:
Борми сенда бизим каби инсонлар,
Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар.
Ўртоқ қонин қонмай ичкан зулуклар,
Қардош этин тўймай еган қоплонлар?
Боғ бағрида қад ростлаган Абдурауф Фитрат уй-музейи остонасидан ҳатлар эканман, алломанинг қўлёзмалари, ўша давр суронларидан омон қолган тошбосма китобларнинг асл нусхалари ҳамда юрак қони билан ёзилган асарлари билан юзма-юз келдим.
Музейдаги тарихий хотиралар оғушидан чиқиб, кўҳна шаҳарнинг қадимий қисми томон пиёда йўл олдим. Баланд деворли тор кўчаларни томоша қилиб, ниҳоят маҳобатли Мир Араб мадрасаси қаршисида тўхтадим. Эски шаҳарга оқшом сокинлик билан чўкаётган бир паллада асрлар давомида қанчадан қанча ҳукмдорлар, фозиллар ва зоҳидларни кўрган мовий гумбазлар узра азон овози таралди.
Ушбу муаззам садо асрий сукунатни бузиб, кузнинг изғиринли ҳавосида қалбимга ажиб бир титроқ солди. Хаёлан шу мадрасанинг кичкина, совуқ ва зах ҳужраларидан бирига мўралайман. Гўё амирлик тузуми ва турғунлик ҳукмрон бўлган ўша олис йилларда бир йигит қўлларида сарғайган қадимий қўлёзмаларни тутганча, чироқ нурида хаёлга чўмиб ўтиргандек гавдаланаверди.
Бу йигит — Абдурауф Фитрат. Ўтмиш ва бугунги кун сукунатини тинглаб турган мадрасанинг баланд деворлари орасида бўлажак адиб нафақат диний илмларни мукаммал эгаллаган, балки она тилимизни, маданиятимизни асраб қолиш ҳақида қалбида буюк бир исённи пишитиб борган бўлса, не ажаб.
Ўзбек тили шунчаки оддий сўзлашув воситаси эмас, балки халқнинг борлиғи, яшаб қолиш шарти эканини бўлажак олим мана шу мадраса ҳужрасида тунларни тонгга улаб, юрак-юракдан англаб етганини бугун — орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтиб, айнан шу ерда унинг мухлиси ўлароқ янада теранроқ ҳис қилдим.
Фитрат феномени
Абдурауф Фитрат (асл исми Абдурауф Абдураҳим ўғли) — ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, таниқли давлат ҳамда жамоат арбоби, биринчи ўзбек профессори. У дастлаб Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. 1902-1903 йилларда ҳаж сафари муносабати билан Туркия, Ҳиндистон ва Арабистон мамлакатларида, тахминан 1906-1908 йилларда эса Россиянинг Москва, Петербург сингари шаҳарларида бўлган. Шундан кейин Фитрат ўқишни давом эттириш истагида 1909-1913 йилларда Истанбулда яшаган. Абдурауф Фитратнинг бой илмий ва адабий меросини бугунги давр мезонлари асосида қайта англаш, унинг адабиётшуносликдаги ўрнини теранроқ таҳлил қилиш мақсадида филология фанлари доктори, профессор Шоира АҲМЕДОВАнинг фикрларига ҳам қулоқ тутдик:
— Фитратнинг отаси Абдураҳимбой ўқимишли, дунё кўрган инсон сифатида фарзанди Абдурауфнинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. Тангрининг инъоми бўлса керак, онаси Мустафобиби ёш Абдурауфга Шарқ эртаклари, Навоий ва Бедил ғазалларини ўқиб бериб, ўғлининг қалбида сўз санъатига нисбатан илк муҳаббат учқунларини ёққан.
Фитрат миллий уйғониш даври маданиятимиз ва илм-фанимизнинг чинакам қомусий феноменидир. Араб, форс ва турк тилларини мукаммал билгани туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини пухта ўзлаштирган.
У адабиёт майдонига шунчаки шоир ёки драматург эмас, балки миллат тафаккурини ислоҳ қилувчи олим ва адабиёт назариячиси сифатида кириб келади. Унинг энг катта хизмати жамиятга тирик, жўшқин ва миллий мафкурани олиб кирганидадир. Фитрат биринчилардан бўлиб адабиётни миллатнинг яшаб қолиш, ўзини англаш қуролига айлантирди. Унинг ҳар бир мақоласи ва тадқиқоти ўша даврда тил ҳамда адабиёт майдонидаги ҳақиқий инқилоб бўлган.
Бухоролик бир гуруҳ маърифатпарварлар кўмагида Истанбулга ўқишга юборилган ёш олимнинг дунёқараши Туркия сафари чоғида бутунлай кенгайди. Боиси, Бухородаги диний мутаассиблик ва турғунлик изланувчан қалбга торлик қиларди. Истанбул дорилфунунидаги таҳсил йиллари бухоролик йигитни янги қиёфадаги миллат раҳнамосига айлантирди.
У ерда чоп этилган “Сайҳа” ва “Мунозара” асарлари Туркистонда худди чақмоқдек чақнаб, кўпларни ғафлат уйқусидан уйғотди. Олим 1913 йилда юртга қайтиб, катта курашлар майдонига кирди. Айниқса, 1920 йилда маориф нозири сифатида Бухорода илк бор миллий дорилфунун ташкил этгани, юзлаб иқтидорли ёшларни Германия университетларига ўқишга юборгани тарихий жасорат эди.
Унинг 1928 йилдаги тазкираси ва “Адабиёт қоидалари” асари эса бугунги ўзбек адабиётшунослигининг фундаментал пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Фитрат шўро армиясининг босқинчилик сиёсатини очиқдан очиқ қоралаган, миллат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйган жасур раҳбар эди.
Иқтибосларда яшаган ҳақиқатлар
Миллий ўзликни англаш ва она тилимиз нуфузини юксалтириш ҳақида сўз борар экан, беихтиёр Абдурауф Фитратнинг илмий-маърифий ғояларига таянамиз. Унинг ўз даврида чоп этилган мақолалари миллатнинг мудроқ қалбини уйғотган кучли нидо бўлган: “Агар бир миллат ўз дини, ўз миллий мактаби ва ўз она тилидан узилса, у миллат ҳалокат ёқасига келиб қолади. Бизнинг мақсадимиз миллатни ғафлат уйқусидан уйғотмоқдир”.
Адиб ўзбек тилини ўзга тиллар соясидан олиб чиқиш, асл софлигини тиклаш учун енг шимариб, чин маънода замонавий ўзбек тилшунослик илми пойдеворини қўйган улуғ устозга айланди. Заҳматли меҳнат маҳсули ўлароқ, машҳур “Сарф” (морфология) ва “Наҳв” (синтаксис) асарлари дунёга келди.
Бу китоблар шунчаки қуруқ қоидалар тўплами эмас, миллатнинг фикрлаш тарзини тартибга солувчи йирик илмий кашфиёт эди. Олим яратган мезонлар ҳозирги замонавий ўзбек адабий тилининг ҳам таянчларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Садриддин Айний 1926 йилда нашр этилган тўпламида Фитратнинг янги давр шеърияти ва маърифатпарварлик ҳаракатидаги ўрнини жуда юқори баҳолаган. Муаллиф Фитратни Бухоро зиёлиларининг энг пешқадамларидан бири сифатида таърифлаб, бундай ёзади:
“Фитрат Бухорода 18 ёшларига қадар ўқиди. Сўнг ҳаж қилди. Туркия, Ҳиндистон, Арабистонда бўлди... Фитрат Бухоро талабаларининг энг фозили ва улуғ уламосининг назаркардаси эди”.
Фитратшунос олим Ҳамидулла Болтабоев эса ўз тадқиқотларида алломанинг илмий мақомини бундай белгилайди:
“Фитрат нафақат тилшунос, балки ўзбек адабиётшунослигининг фан сифатида шаклланиши бошида турган олимдир. Унинг “Адабиёт қоидалари” асари ўзбек адабий назарияси бўйича биринчи замонавий тизимли қўлланмадир”.
Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ҳам Фитрат ҳақида тўхталиб, бундай дейди:
“Фитрат умуммаданият муаммолари ҳақидаги, жумладан, Шарқ мусиқаси тарихига оид ишлари билан ҳам жуда катта илмий қимматга эга эди ва шарқшунос олимлар доирасида ғоят юксак баҳоланарди”.
Ҳа, адиб асарларини варақлар экансиз, улардаги ҳар бир сатр ва фикр бугунги кун оғриқлари ҳамда ютуқлари билан ҳамнафас эканига гувоҳ бўласиз. Унинг ёзганлари шунчаки тарих саҳифалари эмас, балки миллат тимсолига айланган ҳаётий ҳикматлардир.
Алломанинг маънавий мероси, ҳикматли сўзлари орадан бир аср ўтса-да, қиммати ва қувватини йўқотмади. Улар мудроқ виждонларни уйғотувчи, миллатнинг эртанги кунига йўл кўрсатувчи маёқ каби порлаб турибди.
Драматургия чўққиси
Фитрат нафақат йирик тилшунос олим, балки ўзбек адабиётида янги жанрлар пойдеворини қўйган серқирра ижодкордир. У миллий адабиётимизда драматик асарлар жанрини мутлақо янги фалсафий босқичга кўтарди. Адибнинг “Абулфайзхон” тарихий драмаси миллий драматургиямизнинг ҳақиқий шоҳ асарларидан бири сифатида эътироф этилади. Муаллиф ўз пьесалари орқали нафақат замондошларини, балки келажак авлодни ҳам огоҳликка ва бирдамликни асрашга чақиради.
Адиб фаолиятининг яна бир юксак қирраси шундаки, у Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Умар Хайём ва Машраб каби улуғ сиймолар ҳаёти ҳамда ижодини биринчи бор сохта мафкуралардан холи тарзда, илмий мезонлар асосида тадқиқ этган.
1928 йилда чоп этилган “Ўзбек классик адабиёти намуналари” тазкираси бугунги кунда ҳам адабиётшунослик илмининг муҳим пойдевор манбаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Фитрат ўз ижоди билан тил қоидалари шунчаки қуруқ мезонлар эмас, балки гўзал санъат асарига, жўшқин бадиий тилга айланиши мумкинлигини амалда исботлаб берган бетакрор сўз заргаридир.
Бугун юртимизда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган қутлуғ даврда жадидлар, хусусан, Абдурауф Фитратнинг “Илм ва маърифат нажоткордир” деган эзгу ғоясига қайта-қайта мурожаат этилмоқда.
Давлатимиз томонидан Фитратнинг миллий давлатчилик ва маърифат йўлидаги хизматларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги нафас
Афсуски, шўролар империяси миллат тили, тарихи ва маданиятини бу қадар теран ҳимоя қилган, тизимга солган улуғ олим ва биринчи ўзбек профессори борлигидан қаттиқ хавфсирарди. Чунки мустабид тузум учун мустақил фикрлайдиган, ўз ортидан бутун бир миллатни эргаштира оладиган эрксевар шахслар ҳамиша энг катта хавф ҳисобланган. Оқибатда 1937 йилнинг баҳорида адиб “халқ душмани” деган сохта ва машъум айблов билан ҳибсга олинди. Аммо аёвсиз руҳий ва жисмоний қийноқли терговлар ҳам унинг букилмас иродасини синдира олмади.
1938 йилнинг 4 октябрида Тошкент шаҳрининг машъум қатлгоҳларидан бирида Абдурауф Фитратнинг ҳаётига нуқта қўйилди. Бироқ зўравон ҳокимият уни жисмонан йўқ қилган бўлса-да, у яратган ўзбек тилшунослиги меросини ва миллат қалбига ёқиб кетган озодлик оловини ўчира олмади. Жаҳолат тиғи шиддатли маърифат оқимини тўхтатишга ожизлик қилди. Фитратнинг “Илм ва маърифат нажоткордир” деган эзгу ғояси диллардан дилларга кўчди.
Адиб таваллудининг 140 йиллик қутлуғ тўйи кенг нишонланаётган жорий йилда ўз она тилимизда фахр билан сўзлашар эканмиз, улуғ олимнинг нафасини, сўнмас маънавий қувватини юракдан ҳис этамиз.
Зеро, Фитрат бизга қолдирган энг улуғ мерос маънан қарам бўлмаслик туйғуси, ўзликни асраш матонати ва она тилимизнинг софлигидир. Кўҳна Бухоро мадрасасининг қоронғи, совуқ ҳужрасида, милтиллаган шам ёруғида бошланган ўша буюк исён бугун мустақил юртимизнинг порлоқ истиқболида, ҳар бир ўзбек фарзанди тилида ва дилида мангу яшашда давом этмоқда. Демак, Фитрат руҳи тирик, нафаси барҳаёт.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири