Ўзбекистон диний бағрикенглик ва миллатлараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш борасида ўзига хос тажрибага эга бўлиб,  энг катта ютуғимиз бу – миллатлараро дўстлик, фуқаролар тотувлиги, юртимиз тинчлиги ва осойишталигидир.

Биласизми, бундан юз йил аввал ҳозирги республикамиз ҳудудида 70 га яқин миллат вакиллари истиқомат қилган. Орадан 30 йил ўтгач, бу сон 91 тага, 1959 йили 113 тага, 1979 йили 123 тага етган.  Бугунги кунда республикамизда 136 миллат ва элат вакиллари иноқ, тинчлик ва осойишталикда яшаб келмоқда.

Хўш, уларга қандай шароитлар яратилган?

Аввало, давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, 10 дан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда,  мактабларда дарслар турли тилларда олиб борилмоқда.

Яна бир муҳим кўрсаткич, 1991 йил мамлакатимизда 12 та миллий-маданий марказ фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 137 тага етган.

Эътиборли жиҳати шундаки, миллий-маданий марказлар ҳомийлик ишларида фаол қатнашиб келмоқда. 

Ҳар қандай миллат, у нақадар кичик бўлмасин, инсониятнинг бойлигидир. Унинг тили, маданий ва бошқа хусусиятларини йўқ бўлиб кетиши Ер юзидаги маданий ва генетик фонднинг, шахс имкониятларининг қашшоқлашувига олиб келади. Шу боис ҳар бир этник бирликни сақлаб қолиш унга мансуб одамларнинг энг муҳим мақсади бўлмоғи лозим ҳамда биринчи навбатда, ушбу этник гуруҳларни ўз ичига  олувчи ҳар бир алоҳида давлатнинг вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистонда яшаб келаётган дунганлар бунга мисол бўла олади. 

Ўзбекистонда дунганлар 120 йил давомида яшаб келмоқда. Бугун Ўзбекистонда 2 мингга яқин дунган диаспораси истиқомат қилади. Тошкент вилояти Ўрта-Чирчиқ туманида “Дунган-маҳалла” жойлашган бўлиб, асосий кўпчилик дунганлар шу ерда жойлашган. “Ўзбекистонда дунганлар камчилик бўлишига қарамай, биз ўз она тилимиз, маданиятимиз ва яшаш тарзимизни сақлаб қолганмиз”, –  деган эди дунган миллий-маданий маркази раҳбари М.Савуров ўз чиқишларидан бирида.  “Қорасув” хўжалигида 42-ўрта мактаб қошида дунган тилини ўргатувчи синфлар очилган, дунган миллий рақс санъатини ўргатувчи “Чинме” (“Ниҳол”) ансамбли фаолият кўрсатмоқда.

Дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда жами 2276 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритиб келмоқда. Шулардан 2093 таси мусулмон ташкилоти, 166 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий жамоаси, 6 та Бахоийлик жамияти, 1 та кришначилар жамияти ва 1 та будда ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият кўрсатмоқда.Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳатдир.

Юртимизда асрлар оша диний ва дунёвий қадриятлар ўзаро ҳамжиҳатликда ва ҳамоҳангликда, тинчлик-тотувлик, барқарор ривожланиш ва инсон қадри йўлида хизмат қилиб келган ҳамда бугунги кунда ҳар кунлик амалларимизга айланган.

Феруза УСАРОВА,

ЎзРФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича

Мувофиқлаштирувчи-методик марказ директори вазифасини бажарувчи,

сиёсий фанлар номзоди, доцент