Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг маънавий-маърифий алоқаларини ривожлантириш масалаларига бағишланган онлайн конференция бўлиб ўтди.

“Маънавият инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир” мавзуидаги мазкур конференция ўтган йили қорақалпоқ ва ўзбек халқи маънавий-маданий меросининг ўзига хос хусусиятлари, муштарак жиҳатларини ёритиш каби қатор мақсадларда ўтказилган “Маънавият фестивали”нинг узвий давомидир.

Видеомулоқотда Республика Маънавият ва маърифат маркази,  Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, маданий марказлар тизимида меҳнат қилаётган ходимлар, турли миллатга мансуб мамлакатимиз фуқаролари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирок этди. 300 га яқин иштирокчига Давлат дастурининг 260-банди ижроси бўйича амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бажарилган ишлар, Оролбўйи ҳудудларида яшовчи миллатлар ва элатларнинг маънавий-маърифий алоқалари, айни муносабатларнинг истиқболи ҳамда ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашларининг фаолияти конференция иштирокчилари ўртасида чуқур таҳлил этилиб, ижобий тажрибалар тарғиб қилинди. Фестиваль доирасида мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган кўргазмалар ҳам ташкил этилди. Миллий маданий марказлар қошидаги концерт ва фольклор жамоаларининг гала концерти, Қорақалпоқ давлат университетида ташкил этилган  “Ҳаракатлар стратегиясининг Миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбати тадбирнинг кўтаринкилигини таъминлади.   

Ўйлаймизки, бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган қозоқ, туркман, рус, корейс, украин миллий маданий марказлари билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон — умумий уйимиз” шиори остидаги маданият ва дўстлик фестивали савиясининг янада юксалишига хизмат қилади.