Тадбир вилоят ҳокимлиги, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ёшларда ватанпарварликни шакллантириш, улар онгига қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини сингдириш мақсад қилинди.

Фестивалда миллий ҳунармандчилик, катталар ва болалар фольклор дасталари, миллий либослар кўргазмаси йўналишлари бўйича танловнинг туман босқичи ғолиблари беллашди.

— Тўрт-беш йилдан бери ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланамиз, аждодларимиз ҳам шу ҳунар ортидан нон еган, — дейди Фориш туманининг Сайёд қишлоғида яшовчи ҳунарманд  Эрмон Абдуалимов. — Бу каби тадбирларда қатнашиб, ўзим каби ҳунармандлар, тадбиркорлар билан яқиндан танишяпман. Уларнинг тажрибасини ўрганиб, ҳунарим сирларини ўғил-қизларга ўргатяпман.

Фестиваль байрамона тус олиб, чинакам тантанага айланиб кетди. Болалару катталар ижросидаги халқона, дилга яқин қўшиқлар тараннуми, ҳунармандчилик ва либослар  кўргазмалари қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Ҳакамлар уларни муносиб баҳолаб, ғолиблар аниқланди ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА