Хўш, бу борада мамлакатимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Атлетларимиз билиб ёки билмасдан допинг қурбонига айланиб қолишмаяптими?

Шу мавзуда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спорт федерация ва ассоциациялари учун йирик семинар ташкил этилди. Унда МОҚ раиси ўринбосари Ш.Тошматов, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги (ЎзМАДА) директори Н.Турсунов, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори А.Содиқов, шунингдек, Олимпия ўйинлари дастурига кирган спорт федерациялари ва ассоциацияларининг мутасаддилари, миллий терма жамоаларнинг шифокор ва мураббийлари қатнашди.

Семинар давомида ЎзМАДА ҳамда РСТИАМнинг тажрибали мутахассислари спортчилар истеъмол қиладиган қўшимча биологик озуқалар, спортчиларнинг шахсий маълумотлари назорат қилинадиган ADAMS тизимига аҳамият қаратиш каби масалалар бўйича тақдимот ўтказишди. Мутахассислар ўрганишлар бўйича WADA ва ҳеч бир мамлакатдаги антидопинг агентлиги бундай қўшимча биологик озуқалардан фойдаланишни тавсия этмаслиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ўз навбатида Ш.Тошматов мазкур семинар қанчалик муҳим аҳамият касб этиши борасида ўз фикрларини билдирди.

Семинар давомида Нодир Турсунов 2020 йил давомида қайси терма жамоаларимизда допинг қоидалари бузилгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди. Шунингдек, дзюдо бўйича терма жамоа асосий спортчиларидан бирида ADAMS тизимида қоидабузарлик содир этилгани, агар бу ҳол яна икки маротаба такрорланса, ўша дзюдочи Токио Олимпиадасидан ташқари яна бир неча йил мусобақалардан четлатилиши мумкинлиги таъкидланди. Ўз навбатида, бу ҳол бошқа жамоаларга ҳам огоҳлик қўнғироғи бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, терма жамоаларнинг мураббий ва шифокорлари мутахассисларга тақдимот борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.