Унда сенаторлар, Қўмита экспертлари, доимий комиссиялар раислари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда Қўмита олдидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси замирида халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги давр нафаси ва келажакка доир улуғвор мақсадлари мужассам этилган. Бир сўз билан айтганда, Тараққиёт стратегияси ўзида ҳаётбаҳш хусусият касб этиб, халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бирлаштириб турадиган яхлит маънавий асос ва мезонга айланиб бормоқда.
Тараққиёт старатегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури доирасида умумий қиймати 55 трлн сўм ва 11,7 млрд долларлик 398 та чора-тадбир рўёбга чиқарилади.
Хусусан, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, халқ билан мулоқот тизимини такомиллаштириш, ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш, халқ депуталари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини “Фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш, ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш ҳамда мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш кўзда тутилган.
Мажлисда Қўмита ташаббуси билан бутунжаҳон Интернет тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала дастлабки тарзда муҳокама этилди.
Интернет инсонлар ҳаётига шунчалик сингиб кетганки, замонавий жамиятни усиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, бутунжаҳон Интернет тармоғи, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда ахборотнинг ўрнини кескин ошириб юборди.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда “Facebook”да 4,7 млн, “Instagram” да 3,7 млн, “Linkedln”да 288 минг, “Телеграм”да 18 млн, “Odnoklassniki”да 16,7 млн, “Twitter”да 51,6 минг ва “В-контакте”да 2,6 млн фойдаланувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ёшлар ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, бу соҳада ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича мамлакатимизда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Кейинги вақтларда бутунжаҳон Интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот материалларини бериб бориш, болаларни Интернетдаги турли ахборот хуружларидан ҳимоялашга қаратилган электрон шаклда иллюстрация қўлланмалари яратиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаган.
“Википедия” платформасида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар камлиги ёки эскилиги, оммабоп онлайн платформаларда мамлакатимиз ҳақида сифатли форматдаги тарихий кино ва бадиий фильмлар етишмаслиги туфайли ёшлар ва вояга етмаганларнинг маънавиятга зид турли хорижий контентларга қизиқиши тобора ортмоқда.
Оқибатда эса мафкуравий таҳдидлар орқали аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартиришга, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишлар бўлмоқда.
Биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра миллий домен маконидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2097 та қонунбузарлик ҳолати қайд этилган.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи ва диний адоватни қўзғатувчи контентларга, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларга, тотализаторларга, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб қиладиган веб-ресурсларга қарши курашиш устувор вазифамиз ҳисобланади.
Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати