Илмий-техник ахборот марказининг директор ўринбосари Саидбек Бобомуродовга порталнинг жамиятдаги ўрни ва ҳозирги кунда қай даражада эканлиги ҳақида гапириб берди.

— Миллий илмий портал —  бу кўп функцияли веб-портал.  Ўзбекистон ва жаҳон илмий ҳамжамияти вакиллари учун керакли бўлган барча маълумотларни ўз ичига олади. Платформа асосан илмий изланиш олиб борувчи инсонлар, олий таълим тизими ва илмий тадқиқот муассасаларида фаолият юритувчилар учун,  бир сўз билан  айтганда, илм аҳли учун мўлжалланган.

Бир неча йил аввал илмга кириб келган ёш олимларимиз ўзларига керакли маълумотларни кутубхона, соҳага оид манзилларга,  илмий йўналишда фаолият юритаётган профессорларимиздан олишарди ёки дунёда юз бераётган маълумотлардан бохабар қолишар эди. Энди илм-фанга оид барча жабҳаларни, илмий лойиҳалар, дунё илмий нашрлари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа кўплаб имкониятларга эга база бир порталга жамланди.

Бу ҳозирги рақамлаштирилган замон учун шакллантирилган илк энг қулай ва керакли бўлган платформа десак, айни ҳақиқат бўлади.

Юртимизда мавжуд 140 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 35 та илмий ташкилоти, вазирлик ва идоралар ҳузуридаги 77 та ихтисослаштирилган илмий ташкилот, 32 та давлат бошқарув органнинг умумий маълумотлари мавжудлиги порталнинг ютуғи.

 “Миллий илмий портал” тизимидаги “докторантура” контентига йўналишга оид норматив ҳужжатлар, қабул квоталари, рўйхатга олиш жараёнлари ва ихтисослик шифрлари киритилган.  

Контентдан мақола ёзиш бўйича қўлланма ва йўриқнома ҳам жой олган. Жаҳон стандартларига хос IMRAD услуби ҳам атрофлича тушунтирилган. Илмий иш қилувчилар орасида кўп ҳолларда илмий журналларда мақола чоп этиш бўйича қийинчиликларга дуч келишади. Тадқиқот мавзуси бўйича рейтинг журналларини танлаш, қандай қилиб юқори сифатли мақола тайёрлаш ва уни рейтинги юқори хорижий журналларда чоп этиш мумкинлиги каби маълумотлар киритилди.

Ноширлик бўлимидан эса, илмий стажировкалар ва Erasmus, Horizon Europe томонидан эълон қилинадиган грантлар ҳам жой олган.

Миллий илмий порталида инфратузилма навигатори ҳам йўлга қўйилиб, инновацияга доир объектлар, технопарклар, IT парклар, инкубаторлар, акселераторлар, консальтинг фирмалар, эркин иқтисодий ва кичиқ иқтисодий зоналар тўғрисида маълумотлар киритилган. Ҳар бир қизиқувчи стартапёр ёки бирор бир бизнес бошлашни истаган ёшлар қуйидаги маълумотлар орқали ташкилотлар тўғрисида умумий маълумотларга эга бўлишади. Шунингдек, мамлакатимизга ташриф буюрган инвесторлар ҳам мазкур маълумотлардан ўзларини бизнеслари учун фойдаланишлари мумкин.

Умуман олганда порталнинг афзаллик жиҳатлари кўп бўлиб, уни бир мақолада мужассам этиб бўлмайди. Минг бора сўзлагандан бир бора кўрган афзал деганларидек “Миллий илмий портал” сизнинг фаолиятингиз йўлидан фойдали контент бўлади деб умид қиламиз, зора, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан йўлга қўйилган ҳар бир имконият жамиятда илм-фаннинг ривожи учун муҳимдир.                                                                                                                                                           

Азиза АСЛАНОВА