Янги Уйғониш даврини юрт тараққиётининг фаол иштирокчиси, инновацион ғояларнинг дадил ташаббускори, миллатимизнинг том маънодаги “олтин фонди” бунёд этади. Мамлакатимизда таълимга берилаётган эътибор натижаси ўлароқ, юртимиз ва дунё миқёсидаги олимпиадаларда ғолиб бўлиб, ўқишни муваффақиятли давом эттираётган иқтидорли йигит-қизлар билан суҳбатлашсангиз, улардаги юрт равнақига дахлдорлик ҳиссидан қувонасиз. Бу ёшлар ўқиш, изланиш йўлида дадил одимламоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”, деган эди.
Миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш энг устувор вазифаси саналган “Янги Ўзбекистон” университетида ана шундай интилувчан, юрт корига ярашни катта бурч ва шараф деб билган иқтидорли талабалар таҳсил олмоқда. Уларнинг муваффақият формуласи, бугунги орзу-ўйлари билан танишамиз.
Фирдавс СОБИРОВ, 2-курс талабаси:
— 7-синфда ўқиб юрган кезларимдан бери кимё фанига қизиқаман. 8-синфдан республика ва халқаро фан олимпиадаларида қатнаша бошладим. Бир неча халқаро олимпиадаларда бронза медаль соҳиби бўлдим. 2021 йилнинг 20–26 апрель кунлари 28 давлат ўқувчилари ўртасида онлайн тарзда ўтказилган 55-халқаро Менделеев олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлдим.
Бу менга дунёнинг 80 мамлакатидаги олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш имконини берди. Ҳали мактабни тугатмасимдан АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Россия каби давлатларнинг кўплаб олий ўқув юртларидан таклиф олдим. Улар орасида Стэнфорд университети, Калифорния университети, Сеул миллий университети каби дунёга машҳур олий ўқув юртлари бор.
Мен эса “Янги Ўзбекистон” университетини танладим. Боиси, бу университетнинг дунёда юқори ўринда турувчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги, ўқув дастурининг илғор тажриба асосида тузилгани, ўқув жараёни бевосита амалиёт билан боғлиқлиги, хориждаги етакчи олий ўқув юртлари профессорлари дарс беришидан хабардор эдим.
Ҳозир кимё муҳандислиги йўналишида ўқияпман. У муҳандисликнинг кимё заводлари фаолияти ва конструкцияси, шунингдек, ишлаб чиқаришни такомиллаштириш усулларини ўрганадиган тури саналади. Бугун кўплаб истиқболли кашфиётлар айнан кимё муҳандислиги соҳасида қилинмоқда. Чунки ҳозир дунёдаги энг глобал (ишсизлик ёки экологик каби) муаммоларга кимё фанидаги кашфиёт ва ихтиролар орқали ечим топиш мумкин.
Яқин йиллардан буён кимё соҳасида олинган патентлар ва кашфиётларни ўрганяпман. Уларни ўрганиш жараёнида, аввало, фанда қандай муаммолар ҳали ўз ечимини кутяпти, муаммолар қай йўллар билан ҳал этилган, кашфиёт қилишда назарий ва амалий билимлар қанақа методлар билан ўзаро қоришиб, янгилик ҳосил қила олиши мумкин, деган саволларга жавоб излайман. Бу келгусида янгиликлар, ихтироларни амалга оширишимга замин яратади. Хусусан, дунё миқёсида ҳаво ифлосланиши даражаси кундан-кун ошиб бораётгани сабабли юзага келаётган заҳарли карбонат-ангидрид гази миқдорининг атмосферада ортиб кетаётгани, ўсимлик ва ҳайвонот оламига, шу билан бирга, инсониятга ҳам зарар етказаётгани муаммосига ечим топишга ҳисса қўшмоқчиман.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда кимё соҳасида қилинган муҳим ишлардан бири Қашқадарёда GTL заводининг қурилгани бўлди. Шу заводга университетимиз делегацияси билан бориб, амалиёт ўтадик. Талабаларнинг заводга юборилиши давлатимизнинг бизга эътиборидан намуна, десак бўлади.
Кимё ҳақиқатан ҳам мураккаб фан. Шунинг учун аввалига ҳар бир ўқувчида “фанларни қандай ўзлаштираман, қандай билимларга эга бўламан?” деган қўрқув бўлади. Энг муҳими, мана шу қўрқувни ичга ютиб, билим олиш ва ҳаракат натижаларини олдиндан кўра билишдир.
Донишманддан “Ҳаётдаги энг муваффақиятли ҳодиса нима?” сўрашибди. “Фидойи ўқитувчи қўлида таълим олишдир!” деб жавоб берибди у. Мен ҳам интилишларимга қанот бағишлаган устозларим ва ҳар бир ишимда қўллаб-қувватлаб турган ота-онамдан миннатдорман.
Нодира САЪДУЛЛАЕВА, 2-курс талабаси:
— Мактаб даврида эътиборим кўпроқ аниқ фанларга, математикага қаратилган. Онам математика ўқитувчиси, отам эса университетда физикадан дарс берган.
Оиладаги муҳит математикага қизиқишимни шакллантирган. “Бутун коинот математика тилида ёзилган яхлит мўъжиза” эканига ишонардим. Атрофимиздаги ҳамма ҳодисани тушуниш учун шу мўъжизани ўрганишим зарур эди. Бу менга яна ҳам рағбат берарди. Ана шу интилиш билан 10 дан ортиқ халқаро ва республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлдим. Шу билан бирга, хорижий тилларни чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим ва уддаладим. Яқинда халқаро IELTS имтиҳонида 8 балл тўпладим.
Юқори рейтингда турадиган 21 та халқаро университетнинг ҳар хил грантини ютганман. Улар орасида Чехиядаги Карлов университети мени жуда қизиқтирди. Бу университет АҚШ, Европа ва Осиёдаги кўплаб олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади. Унинг факультетларида дунёнинг етакчи университетлари профессорлари маъруза ўқийди. У Оксфорд, Сорбонна, Мюнхен университетлари ва бошқа нуфузли ОТМлар билан бирга, Европанинг йирик университетлари ассоциацияси аъзоси. Карлов қанчалик жозибали бўлмасин, танловим “Янги Ўзбекистон” университети бўлди. Ўз юртимда, ота-онам бағрида ўқишни истадим. Имконият ва шароитларни кўриб, шу ерда ўқишга қарор қилдим.
Университетда 1-курсда кимё, компьютер технологиялари ёки бошқа фанларни ўрганган бўлсак, буларнинг барчасини тушунишим жуда осон кечган. Чунки уларнинг асосида математика бор. Бу менга ҳар бир соҳани математика билан боғлиқлик орқали тушуниб етишни ўргатди.
Компьютер муҳандислиги йўналишида таҳсил оляпман. Ҳозирги даврда ҳеч бир соҳани ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Рақамлаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Соҳа мутахассисларига дунё миқёсида талаб катта. Шу йўналишни чуқур ўрганяпман.
Муваффақиятлар одамнинг қизиқишига, қалбидаги оловнинг ўчмаслигига боғлиқ. Бу шижоат сўнмаслиги учун инсон рағбатлантириб турилиши керак. Халқаро олимпиадалардаги муваффақиятим, IELTS ва бошқа имтиҳонларда юқори натижани қўлга киритганим, кўплаб хорижий университетларга грант асосида қабул қилинганим шу босқичларга тайёргарлик кўриш жараёнидаги қўллаб-қуватловлар маҳсули, деб ўйлайман.
Аҳмаджон РАҲМОНОВ, 2-курс талабаси:
— “Янги Ўзбекистон” университетига келишдан олдин Польшанинг Лодз университетида таҳсил олаётган эдим. Юртимизда шундай ажойиб университет очилганини эшитиб, ўқишни “Янги Ўзбекистон”да давом эттиришни истадим. Ўтган йили Германиянинг Мюнхен техника университети кампусида бўлдик. Кампуснинг кичик бўлимида стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Лабораториялар керакли анжомлар билан жиҳозланган, у ерни инновацион марказ, десак ҳам тўғри бўлади. Биз ўша ерда ўзимизнинг биринчи стартап лойиҳамизни тақдим этиш имконига эга бўлдик.
Лойиҳамиз “Янги авлод батареялари” деб номланади. У янги структурага, ҳозирги батареяга нисбатан 10 баробар юқори самарадорликка эга. Ҳозир профессорлар ёрдамида ишланмани амалиётга татбиқ этиш устида ишлаяпмиз.
Германияда амалиёт давомида Мюнхен техника университетининг нейтронлар билан ишлаш атом электр станциясида бўлдик. У ерда олимлар шу соҳада изланишлар олиб боради ва тажриба ўтказади. Биз атом электр станцияси қандай ишлаши, ундан қандай элементлар олиш мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб олдик. Ўрганиш давомида эътиборимни бир жиҳат тортди. Халқаро даражадаги олимлар нейтрон орқали саратон касаллигини даволаш борасида изланиш олиб бораётган экан. Шу йўналишни чуқурроқ ўрганишга қарор қилдим.
Тўғри, бунга осонликча эришмаслигимни яхши биламан. Чунки барча муваффақият замирида изланиш ва тинимсиз меҳнат ётади. Мен эса инсонлар ҳаётини яхшилаш, умр давомийлигини ошириш йўлидаги орзуларимдан воз кечмоқчи эмасман. Ўйлайманки, мен ва тенгдошларим олиб бораётган изланишлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат Мадиева ёзиб олди.