Бугунги глобаллашув шароитида ахборот алмашинуви тезлашиб, турли маданиятлар ўзаро яқинлашаётган бир пайтда миллий ўзликни асраб-авайлаш, азалий қадриятлар ва анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш ҳар жиҳатдан долзарб.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифадан келиб чиқиб, “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми нашрдан чиқди.

Лойиҳа доирасида 28 нафар олимлар, зиёлилар ва юқори малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилиб, 8 та йўналиш — Янги Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, миллий-ахлоқий қадриятлар, урф-одатлар, маросимлар, байрамлар, миллий ўйинлар, миллий-табиий ҳамда миллий-бадиий қадриятлар бўйича кенг қамровли тадқиқот ишлари олиб борилди.

4 февраль куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ушбу китоб-альбомнинг тақдимот маросими ўтказилди

Ушбу китоб Барча ҳудудлардан жамланган маълумотлар асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этилди. Нашрни тайёрлаш жараёнида 1700 дан ортиқ матн, 3 мингдан зиёд сурат, 300 дан ортиқ миллий қўшиқ ҳамда 2 мингга яқин видео ва аудио материаллар таҳлил қилинди.

Китобда Марказий Осиёда шаклланган юксак илмий-маданий муҳит ифода этилади. Қадимги туркий битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, шунингдек, алломалар мероси миллий қадриятларнинг асосий манбалари сифатида таҳлил қилинади. Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданият ва ислом қадриятларининг юксалиши алоҳида эътироф этилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар  китоб-албом миллий қадриятларнинг тарихий узвийлиги, ворисийлиги ва бугунги жамият тараққиётидаги аҳамиятини ёритишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Қувонарлиси, ушбу материаллар асосида qadriyatim.uz электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ишлаб чиқилди. Платформа доимий янгиланиб бориладиган, чет эллик фойдаланувчилар ва хориждаги ватандошлар учун миллий қадриятлар, моддий ва номоддий маданий мерос ҳақида бир нечта хорижий тилларда маълумот тақдим этувчи интерактив ахборот базаси ҳисобланади.

Шу билан бирга, жорий йилда “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорликда китоб-альбомни қўшимча 1000 нусхада чоп этиш, хориждаги ватандошлар ва диаспора вакиллари иштирокида элчихоналарда тақдимотлар ўтказиш, шунингдек, китоб-альбомнинг ўзбек, инглиз ва хитой тилларидаги янги нашрларини тайёрлаш режалаштирилган.