Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида миллий ифтихор-ғуруримиз саналган қорабайир отлари, миллий қадриятларимиз бўлган чавандозлик, дўппи ва дўмбиранинг ёшлар маънавиятига таъсири, хусусан, Ватанга муҳаббат уйғотиши ҳақида алоҳида тўхталган эди.
Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат Маркази Сурхондарё вилоят бўлими ташаббуси билан Шўрчи тумани “Эгарчи” маҳалла фуқаролар йиғинида "Қорабайир — ўзбегимнинг учар отлари!" мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
“Элни ё полвони, ё оти танитади”, дейди халқимиз. Бугунги глобаллашув даврида ўзига хос ва мос миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари “оммавий маданият”, менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солиши айни ҳақиқатдир.
“Ёшлар тарбиясида ўзбек миллий қадриятларининг тутган ўрнини ошириш, мустаҳкамлаш борасида ташкил этилган ушбу тадбирда ёшларимиз миллий дўппи ва дўмбирамизнинг тарихи, турлари ҳамда хусусиятлари тўғрисида берган саволларига атрофлича жавоб олган бўлса, уларни ҳаяжонда ушлаб турган нарса моҳир чавандозлар томонидан ўтиб берилган маҳорат дарслари бўлди.
“От — эр йигитнинг қаноти” деб нақл қилгувчи донишманд халқимизнинг кўп минг йиллик достонларида ҳам от йигитнинг қаноти тимсолида юксак мақомда мадҳ этилади, соҳибининг яқин ҳамроҳи, ишончли кўмакчиси сифатида таърифланади. Шу боис, халқимизнинг отга бўлган меҳри юксаклигича қолаверади.