Натижада 2019 йил якунига кўра, мамлакатимиз Халқаро статистика салоҳияти индекси бўйича 64,4 баллни қайд этиб, рейтингда 124 ўриндан 84 ўринга кўтарилди.
Президентимиз 1 июнь куни миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказган йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, миллий статистика маълумотлари қанчалик ҳаққоний ва очиқ бўлса, унинг асосида олиб бориладиган давлат сиёсати ҳам шунчалик тўғри ва адолатли бўлишини таъкидлади.
Бугун статистика соҳасини ривожлантириш бўйича ҳақиқатан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада инфляцияни ҳисоблаш усули халқаро стандартларга мослаштирилди, кузатувдаги товарлар таркиби кенгайтирилди. Давлат бюджети, ташқи қарз, олтин захираси ва табиий бойликлар ҳақидаги молиявий кўрсаткичлар очиқ эълон қилинмоқда. Аммо Президентимиз таъкидлаганидек, статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланаётгани, уларни таҳлил қилишда 20 йил аввал жорий этилган дастурий таъминотдан фойдаланилаётгани соҳадаги камчиликларимиздан ҳисобланади.
Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида Жаҳон банки билан ҳамкорликда Статистика соҳасини ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқилди. 2019 йилнинг май ойида бошланган мазкур жараёнда нафақат Давлат статистика қўмитаси, балки республикамизнинг деярли барча манфаатдор вазирлик ва идоралари фаол иштирок этди. 2019 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида лойиҳа муҳокамасига бағишланган халқаро конференция ташкил қилиниб, хорижий ташкилотлар экспертларининг таклиф ва мулоҳазалари асосида стратегия янада такомиллаштирилди.
Бугунги кунда ушбу стратегия асосида статистика фаолиятини ташкил этиш инфратузилмаси жаҳон андозаларига мослаштирилмоқда. Маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тақдим қилиш инфратузилмасига илғор АКТи амалиёти кенг жорий этиляпти.
Бу борадаги илк ишлардан бири инфляцияни объектив ва шаффоф ҳисоблаш бўйича нарх-наволарни кузатиш жараёнлари тўлиқ электрон планшетларга ўказилгани бўлди. Жаҳон банкининг молиявий қўллаб-қувватлаши билан 2020 йилдан уй хўжаликларини кузатиш жараёнларига ҳам планшетлар тўлиқ жорий қилинди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда солиқ ва статистика идоралари ўртасида автоматлашган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали инфляцияни ҳисоблаш харажатларини кескин қисқартириш мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Чиндан ҳам, барча соҳаларда рақамли технологиялар жорий этилаётган бугунги даврда статистик маълумотлар алмашинувини тўлиқ электронлаштириш талаб этилади. Ҳозирда мазкур вазифани амалга ошириш, хусусан, давлат статистика ҳисоботларини онлайн қабул қилишни йўлга қўйиш бўйича қўмитада янги автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Режага кўра, 2025 йилга қадар қўмита ва бошқа статистик маълумотларни ишлаб чиқарувчи вазирлик ва идораларнинг мукаммал маълумотлар базалари яратилади.
Шунингдек, Статистика соҳасини ривожлантириш стратегияси асосида тизимни замон талабларига мослаштиришга мўлжалланган услубий асослар ҳам таҳлил қилиниб, янада такомиллаштириш кўзда тутилган. Сифатни бошқариш дастури (DatCam) ва бизнес-жараёнларни бошқаришнинг халқаро эътироф этилган моделлари (GAMSO ва GSBPM моделлари) амалиётга кенг жорий қилинади. Натижада, мамлакатимиз ҳақидаги статистик маълумотларнинг ишончлилиги ва шаффофлиги даражаси янада ортади.
Ушбу стратегия ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш миллий статистика тизимининг меъёрий-услубий асосларини халқаро андозаларга мослаштириш, амалдаги статистик кўрсаткичлар сифатини ошириб, мавжуд бўлмаганларини шакллантириш, макроиқтисодий кўрсаткичларимизнинг халқаро ташкилотлар томонидан тан олиниши турли халқаро рейтинглардаги позициямизни тўғри ва тўлиқ акс эттириш имконини беради.
Баҳодир БЕГАЛОВ,
Давлат статистика қўмитаси раиси,
иқтисод фанлари доктори, профессор