Сўнгги йилларда барча ҳуқуқларимиз қатори сиёсий ҳуқуқларимизни ҳам эмин-эркин амалга оширишимиз учун мустаҳкам қонуний кафолатлар яратилди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биз Президент сайловида қатнашиш орқали ўз сиёсий ҳуқуқимиздан фойдаландик. Шу тариқа, ўзимиз ва фарзандларимиз келажаги, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга ҳиссамизни қўшдик.
Ўз навбатида, хориждаги ватандошларимиз ҳам сиёсий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда муҳим тарихий жараёнда фаол қатнашди.
Гулбаҳор ЖАЛИЛОВА, Нидерландия Қироллигидаги Сумма коллежи тингловчиси, “Ватандошлар” жамоат фондининг хориждаги волонтёри:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан илгари ва сайлов куни овоз бериш жараёни Роттердам шаҳрида бўлиб ўтди.
Бу жараённи бевосита кузатдим. Сайлов участкаси миллий руҳда безатилди. Бу ерга келган ватандошларимизнинг кайфияти ҳам ажойиб эди. Кўпчилик миллий кийимда, фарзандлари билан ташриф буюрди. Хориждаги ватандошларимиз юртимиз, фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмасдан сайловда қатнашгани мени янада ғурурлантирди.
Мен конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, хорижда яшаётган ҳар бир ўзбек фуқаросининг ҳам бугуни ва келажагига бевосита таъсирини ўтказадиган муҳим сиёсий жараёнда иштирок этганимдан хурсандман.
Президентимизнинг 2021 йили 11 августдаги “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш каби мақсадлар ўз аксини топди. Энг муҳими, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимиз салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш ҳам қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Бу қарор хайрли ишларга йўл очди. Бизни она Ватан билан боғлади.
Мен Эйндҳовен шаҳрида яшайман. Ўзбекистондан узоқда бўлсак-да, истиқболдаги миллий тараққиётимиз йўналишларини белгилаб олишдек муҳим жараёнга муносиб ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз, деб ҳисоблайман.
Суҳбатилла КАРИМОВ, Португалиядаги “Karimov clinic neuro kineziologiya” клиника тармоқлари асосчиси, шифокор:
– Европада неврология бўйича таҳсил олганман. Португалияда реабилитация соҳасида неврокинезиология орқали инсон танасидаги оғриқларни аниқлаш ва тез бартараф этиш методикаси бўйича қарийб 20 йилдан буён фаолият юритаман. Бу мамлакатнинг Лиссабон, Лейрия шаҳарларида “Karimov clinic neuro kineziologiya” клиника тармоқларига асос солганман.
Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар хориждаги ватандошлар учун ҳам катта имкониятлар яратди. Ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги оқилона сиёсат натижасида Тошкент шаҳрида ушбу клиниканинг филиалини очдим.
Янги Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа турли йўналишлардаги жараёнларни изчил кузатиб бораман. Айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямизда хориждаги ватандошларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатлангани мени жуда қувонтирди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятидаги сайловчилар билан ўтказган сайловолди учрашувида ватандош сифатида иштирок этиб, сайловолди дастури билан танишиб чиқдим.
Бугунги кунда тиббиёт соҳасида юртимизда туб ислоҳот ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу эса юртимиз келажаги учун чинакам янгиланишга сабаб бўлади. Шу боис, мен Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаб овоз бердим. Ўйлайманки, танловим мен каби ватандошлар ҳаёти ва фарзандларимиз келажаги учун муҳимдир.
“Ватандошлар” жамоат фонди Ахборот хизмати раҳбари
Уфора ҲАБИБУЛЛАЕВА ёзиб олди.